ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

Татар шеъриятидан баҳраманд бўлинг

Татар шеъриятидан баҳраманд бўлинг


“Oltin meros-press” нашриёти томонидан “Туркий халқлар шеърияти” рукни остида “Идел мавжлари” номли китоб нашрдан чиқди.

Тўпламга татаристонлик шоирларнинг сара шеърлари киритилган.

Туркий халқлар шеърияти улкан дарёсининг бир ирмоғи бўлган татар назми ўзига хослиги, жозибаси билан шеърият ихлосмандларини мафтун этиб келади.

Халқ ижодиётидан баҳраманд бўлган, равон ва ўйноқи оҳанглар, гоҳ Идел мавжларидек солланадиган турфа туйғулар, парвоз истаётган озод руҳ татар шеъриятига ажиб оҳор ва залвор бахш этади. Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Мирмуҳсиндек буюк дарғалар таниқли татар шоири Абдулла Тўқай шеърларини ўтган аср бошидаёқ ўзбек тилига таржима қилган.

Ушбу китобни устоз адиблар бошлаб берган анъананинг давоми сифатида қабул қилиш мумкин. Унда айрим эски таржималардан тортиб ҳозир яшаб ижод қилаётган ижодкорларнинг ҳам шеърлари таржималари киритилган. Китобга Абдулла Тўқай, Дардманд, Муса Жалил, Зиннур Мансуров, Ренат Харир, Роберт Миннулин, Аҳмед Ерикей ва бошқаларнинг ижоди киритилган.

Китобдаги шеърлар Машраб Бобоев, Амирқул Карим, Карим Баҳриев, Тоҳир Қаҳҳорлар томонидан маҳорат билан ўзбек тилига ўгирилган.

Эътиборингизга тўпламдан ўрин олган татар шоири Мусо Жалилнинг Машраб Бобоев таржима қилган шеърини тақдим этяпмиз.

Ишонма

Сенга мендан хабар берсалар,
«У йиқилди чарчаб»,— десалар,
Йўқ, ишонма, бағрим!
Бу сўзни —
Дўстлар айтмас, яқин кўрсалар.

Байроғимга қон билан ёзган
Онтим ундар олға боришга!
Ҳаққим борми ҳеч қоқилишга,
Ҳаққим борми чарчаб-ҳоришга?

Сенга мендан хабар берсалар,
«У Ватанин сотди»,— десалар,
Йўқ, ишонма, бағрим!
Бу сўзни —
Дўстлар айтмас, мени севсалар.

Юртдан кетдим юртни, сени деб,
Мен курашдим қонли ҳар дамда.
Юртни, сени қўлимдан берсам,
Нима қолар менга оламда?

Сенга мендан хабар берсалар,
«Муса ўлди энди»,— десалар,
Йўқ, ишонма, бағрим!
Бу сўзни —
Дўстлар айтмас, мени севсалар.

Тупроқ кўмар танни, кўмолмас
Ўтли қўшиқ тўлган кўнглимни,
«Ўлим» дейиш мумкинми ахир,
Енгиб ўлган бундай ўлимни?


1 149
ЎзА