Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 18:10 Чоп этиш версияси

Тасвирларда Ватан, истиқлол ва замон

Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларидаги ислоҳотлар жараёнини кенг оммага таъсирчан ва жозибадор шаклларда етказиб келмоқда. Уюшма халқимизнинг ҳалол ва фидокорона меҳнати самараларини, Ватанимизнинг обод ва кўркам манзаралари, одамларимиз қиёфасидаги бугунги кундан розилик, шукроналик, эртанги кунга комил ишончни тасвирий воситалар орқали намоён этиш йўлида самарали фаолият юритмоқда.

Пойтахтимизда уюшма фаолиятига бағишлаб ўтказилган тадбирда бу жиҳатлар алоҳида таъкидланди.

“Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бошқаруви раиси И.Латипов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Бадиий академия раиси А.Нуриддинов ва бошқалар "Тасвирий ойина" уюшмасининг ташкил этилиши маданий ҳаётимизда, миллий манфаатларимиз ва қадриятларимиз тикланишида катта воқеа бўлганини таъкидлади. Уюшма Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида барча соҳалардаги ислоҳотларни халққа таъсирчан воситалар асосида етказиш мақсадида ташкил этилган.

Уюшмада таниқли рассомлар, дизайнерлар, сураткашлар ва бошқа ижодкорлар фаолият кўрсатади. Аввалига уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бўлимлари ташкил этилган бўлса, ҳозирги кунда туман ва шаҳарларда ҳам 70 га яқин бўлим фаолият кўрсатмокда.

Ижодий уюшма бўлимлари мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, эркин ҳаёт қуриш йўлида ватандошларимизнинг буюк бунёдкорлик ишларини ифодаловчи, она Ватанга муҳаббат ва маънавий қадриятларга эҳтиром руҳида тарбияловчи шиорлар ва матнлардан фойдаланиб, марказий кўчалар, бозорлар, хиёбонлар, бекатлар, транспорт воситалари ҳамда одамлар гавжум бўладиган, оммавий тадбирлар ўтказиладиган манзилларга баннерлар, плакатлар ва бошқа тасвирий-тарғибот воситаларини жойлаштириб келмоқда.

Уюшма томонидан "Муқаддас Ватан тимсоллари ва давлат рамзлари", "Бозор одоблари", "Ватан, эл манфаати муқаддас", "Обод маҳалла – эзгулик бешиги, чинакам тарбия ўчоғи", "Асосий қонун сабоқлари", Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси билан ҳамкорликда "Ҳушёр бўлинг, азиз одамлар!" каби туркум плакатлар тайёрланиб чоп этилди. Уюшма томонидан йилларнинг номланишига бағишлаб тавсиялар қўлланмаси тайёрланади. Жорий йилда ҳам «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун" номли тавсиялар қўлланмаси 35 минг нусхада нашр этилди.

Тадбир доирасида "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси томонидан мустақиллик йилларида ташқи тарғибот воситалари орқали амалга оширилган ижодий ишлар намуналаридан кўргазма ташкил этилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
1 351






Все о погоде - Pogoda.uz