Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.06.2018 22:11 Чоп этиш версияси

Ташлаб кетилган чақалоқлар “Гўдаклар уйи”да. Сиз у ерда бўлганмисиз?

Ташлаб кетилган чақалоқлар “Гўдаклар уйи”да. Сиз у ерда бўлганмисиз?
Самарқанд шаҳри, Сўғдиёна массивида гўдаклар уйи жойлашган. Бу ерда уч ёшгача бўлган гўдаклар ва етти ёшгача имконияти чекланган болалар тарбияланади.

Бу даргоҳга тез-тез бориб тураман. Шунинг учун ҳам муассасанинг Мақсуда Соҳибова, Азиза Ўринова, Розия Ҳамидова, Наврўза Исмоилова, Нодира Воҳидова, Мунира Латипова каби ходимлари менга яхши таниш.

Бир нарса мени қийнайди. Тўғри, муассасада ҳамма шароит бор. Болалар учун зарур барча нарсалар муҳайё. Аммо бу ерда ота-она меҳри йўқ.

– Яқинда бир нохуш ҳолат юз берди, – дейди муассаса мудираси Мақсуда Соҳибова. – Ички ишлар ходимларига шаҳар истироҳат боғидан гўдак бола топиб олингани ҳақида хабар қилишди. Вилоят ИИБ томонидан тузилган далолатнома ҳамда васийлик-ҳомийлик битими асосида, гўдак муассасамизга жойлаштирилди. Унга исм қўйилиб, Давлатов фамилияси берилди. Афсуски, болажонлиги, бағрикенг¬лиги билан дунёга донг таратган халқимиз орасида ҳам бундай ҳолатлар учраб турибди.

Болалар муассасамизда ҳар томонлама парвариш қилинади. Вилоят кўп тармоқли тиббий марказ ходимлари томонидан йилига икки марта февраль-март ойларида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Йилига тўрт марта соғ-ломлаштириш, даволаш амалиётлари кун тартибига киритилган. Жараёнга физиотерапевт, логопед, дефектолог, невропотолог каби мутахассислар жалб этилади.

Мудира опа сўзлаяптию қатор беланчакларда ётган болакайларнинг нигоҳларига тикиламан. Бу қандай кўргуликки, инсон ҳали эсини таниб улгурмай етимликка маҳкум қилинса?! Эртага байрам, болаларни ҳимоя қилиш куни. Ўз ота-онасидан меҳр кўрмаган, давлат қарамоғида қолган гўдаклар ҳам ҳимояга муҳтож. Улар ҳам меҳрни туйишга ҳақли!

Толиб Жўраев, 
меҳнат фахрийси.

8 518