Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.06.2018 20:07 Чоп этиш версияси

Ташлаб кетилган болалар ҳаётидан репортаж

Ташлаб кетилган болалар ҳаётидан репортаж
Малика Султонова. У шунчаки ташлаб кетилган қизалоқ. Ҳали бир ҳафталик эканида онаси Тошкент шаҳри Сергели туманидаги хонадонлардан бирининг эшигида қолдириб кетган.

Хонадон эгаси кўчага чиқаётиб, оёғи тагида ётган болани кўриб, даҳшатда қолди. Жон ҳолатда қўшниларни чақирди. Кун совуқлигидан хавотир олиб болани тезда уйга олиб киришди. Сўнгра туман ички ишлар ходимларини ҳам чақиришди. Турли ҳужжатлар тайёрлангач, бола Тошкент шаҳар болалар уйига олиб кетилди.

3.jpg

Энг қизиғи, қизалоқ ўралган адёл ёнида бир неча сидрадан кийим-кечак ва бош кийимлар бор. Бироқ, унинг кимлиги, ҳеч бўлмаса, исми ёзилган қоғоз йўқ. Шунинг учун, чақалоққа исм бериш ҳам бу муассаса ходимлари бўйнида қолиб кетди. Ахир боланинг ўз исми бўлиши керак. Шу тариқа улар кўзларида қувонч чақнаётган қизалоққа яхши ниятлар билан Малика, ўз тақдирининг эгаси бўлсин, дея Султонова фамилиясини беришди.

Ота-оналар томонидан сотилаётган чақалоқлар

Жорий йилнинг январида туғилган Севарани онаси минг долларга сотмоқчи бўлганида ҳали уч ойлик эди. Ҳозирда у жилмайишни билади. Кўзлари ўзгача порлаб, турли ҳаракатлар билан диққатингизни тортишни ҳоҳлаётган бу қизалоқ бир кун келиб катта бўлади. Ана шунда уни ўз онаси тилла тиш қўйдириш учун пул тополмаганини баҳона қилиб, сотмоқчи бўлганини эшитса, не аҳволга тушар экан.

38.jpg

Никоҳсиз туғилган Севарани бошқа оилага сотиб юборишга улгуришганда, бир умр ўзининг кимлигини ҳам билмасдан яшаб ўтарми-ди? Бироқ, тақдир унга буни раво кўрмади. “Тошкент — Марказий” вокзали атрофида «Назоратли харид» тезкор тадбири ўтказилаётганда унинг онаси ашёвий далиллар билан қўлга олинган. 

15.jpg

Шу тариқа қизалоқ вояга етмагани ҳисобга олиниб, манфаатлари ва ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида болалар уйига жойлаштирилди. Ҳозирда уни отаси ва бувиси олиб кетмоқчи. Бироқ... бу иснод, бу аянчли тақдир уни келажагига раҳна солмаслигига ким кафил бўла олади? Бу ерда ўз ота-оналари томонидан сотилаётганда қутқарилган яна бир нечта чақалоқ бор...

Боласини боқа олмаганлар 

Бир ярим ёшли, каптокни изидан қувиб юрган болакайга унча мунча эмас, нақд Муҳаммад Ҳорун дея исм қўйилган. Унинг уч ёшли, сочлари қўнғироқ акаси ҳам шу ерда яшайди. Улар қандай келиб қолди, наҳотки, ота-онаси фожиали тарзда вафот этган бўлса. Йўқ. Уларнинг тарихи бироз ўзгача... 

16.jpg

Бизга айтишларича, никоҳсиз оила қурган ота-онанинг жанжали охир оқибатда ажралиш билан тугаган. Ота аёлга қўшиб, ўз зурёдларини ҳам кўчага ҳайдаган. Иложсиз қолган она икки фарзандни тарибиялай олмасдан, уларни икки йилга болалар уйига ташлаб кетишни лозим кўрган. 

Ҳозирда бу аёл ўз ҳаётини йўлга қўйиш учун чора қидириб юрибди. Икки йилдан сўнг нима бўлади, бу бизга қоронғу...

13.jpg

Зафаржон қашқадарёлик оиланинг фарзанди. Тошкентга ишлаш учун келган оилада дунёга келган болани аввалига бир йилга қолдириб кетишди. Кейин уни олиб кетган оила қисқа фурсатда яна қайтариб келди. Болани боқа олишмаганмиш...

Изоҳлаш ёки фикр айтишга сўз тополмайсан...


Насиба, Робия, Зафар, Дилшод ...

Бундай чиройли, жарангдор исм эгалари бу муассасада жуда кўп. Нақд 64 та. Уч кунлигидан уч ёшгача шу масканда яшайдиган болаларнинг 30 нафари ногирон. Бизни хоналарга олиб кириб, болакайларни бирма-бир таништираётган болалар уйи деректори Озода Исломова жуда жонкуяр аёл.

1.jpg

– Бизда ётоқли болалар жуда кўп, – дейди Озода опа. – Мисол учун, Жасурбек аҳволи жуда оғир. Овқат ейиш ва нафас олиш органлари ўртасида тешик бўлгани учун зонт кўмагида овқатлантирамиз. Йўқса, таом ўпкасига кетиб қолади. У оилада иккинчи фарзанд бўлган. Ҳозирда ота-онаси ундан воз кечган. Санжарбек холаваччаларнинг оиласида дунёга келган. Оиладаги икки бола ҳам кўр туғилган. Ота-онаси ажрашмоқчи, болалар шу ерда қолаяпти. Зиёдулла ҳар жиҳатдан тўкис оиланинг тўнғичи. Яқинлари хабар олиб туришарди. Укаси туғилгандан кейин уларнинг қадами узилиб қолди.

Азиз, Робия, Дилшод, Бахтиёр, Иброҳим... уларнинг ҳар бирининг ўз ота-онаси, опа-сингиллари, оиласи бор. Бироқ, нуқсон билан туғилгани учун болалар уйида, умумий оилада тарбия топмоқда. Ҳар ўнта болага битта тарбиячи ва энага бириктириб қўйилган.

Онамдан ҳам азизим онам

Ҳа, агарда бу болаларни дилидаги сўзларига қулоқ солсангиз, уларнинг дил нолаларини тингласангиз, ҳудди шу сўзларни айтган бўлишарди.

45.jpg

Кичик ёшдаги болаларнинг гуруҳига кириб бордик. Айни туш маҳали бўлгани боис, улар болаларни алла айтиб ухлатишаётган экан. Меҳр ва алам билан жуда ширали овозда айтилаётган қўшиқни тинглаб, эшикдан мўралайман. Бор дунёни ўзига сингдирган, кўзга кўринмас келажакдан умидлар олаётган дардли ноладан болалар сармаст эди. Бу алла, билмадим. Ҳудди шу лаҳазада шу воқеалар устида айтилганиданми ёки бунинг яна биз билмаган илоҳий кучи бормиди? Ахир бу аллани ана шу мурғак гўдаклар ўз оналари тилидан тинглаши керак эмасмиди?! 
Бу сеҳрли овоз соҳиби тарбиячи Шоира Юнусова экан.

31.jpg

– Олти йилдан буён шу ерда ишлайман. Болаларни жуда яхши кўраман, – дейди энага.– Биз эрталабки еттидан кечки еттигача ишлаймиз. Ҳар кун тушда болаларни ухлатиш учун алла айтиб бераман. Мени ҳам уч фарзандим бор. Уларни қанчалик яхши кўрсам, бу болаларни ҳам улардан кам кўрмайман. Ахир, болани бегонаси бўлмайди. 

Шоира опа болаларни уйғотиб юбормаслик учун секин овозда уларни бизга таништирди.

«Бу Исломбек. Уни онаси икки ёки ўн йилга воз кечаман, дея ёзиб кетган. У қўлга ўрганиб қолган, доим кўтариб юришимни хоҳлайди. Буниси Билол оилада учинчи фарзанд. У уйинчоқларни ёлғиз ўйнашни ёқтиради. Бувиси икки болани олиб қолган. Онаси фирибгарлиги учун қамалган. Келгач, уни олиб кетади. Маргарита унинг ота-онаси боладан воз кечган. Акаси соғлом бўлгани учун оилага берилган. Бу қизалоқнинг соғлиғи унча яхши бўлмагани учун ўзимиз тарбиялаяпмиз. У негадир хаёл суриб ўтиришни ёқтиради...»

Шоира опа шу тариқа яна бир нечта болаларнинг бу ерга қандай келиб қолгани, уларнинг нимани ёқтириши ҳақида сўзлаб берди.

11.jpg

Болалик. Инсон ҳаётидаги энг беғубор ва бахтли дамлар ана шу давр билан боғлиқ. Аммо... ҳамма болалар ҳам ана шу бахтиёрликни ҳис қила оладими? Бу бахтдан мосуво гўдаклар ҳам кўп. Тўғри, нотинчлик ва уруш ҳукм сураётган давлатларда болаларнинг болалиги йўқолгани ачинарли. Лекин обод ва фаровон юртда ота-она меҳрига зор улғаётган болаларнинг айби нимада?..

Тошкент шаҳар болалар уйига кириб борганимизда байрам шодиёналари бошлаб юборилганди. Бу ерда болаларга яратилган шароитларни кўриб, қувонасиз. Албатта, Давлатимиз ўз фарзандларини ташлаб қўймайди, уларга етарлича ғамхўрлик қилади. Бироқ... ҳар бир бола ўз ота-онаси, оиласи бўлишини истайди.




Сайёра Шоева, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
7 077