Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2017 17:32 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг фаолияти сарҳисоб қилинди

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг фаолияти ва галдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши раиси ўринбосари М.Умаров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фуқароларни, айниқса, ёш авлодни Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш, ҳарбий таълимни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ҳозирги кунда ташкилот тизимидаги 24 ўқув муассасаси томонидан Қуролли Кучларимизга ўн уч турда ҳарбий-техник мутахассис тайёрланмокда. "Ватанпарвар" мактабида ёшлар маълум бир мутахассисликни эгаллаши билан бир қаторда, ҳарбий хизматнинг дастлабки кўникмаларини ўзлаштиради. Шу билан бирга, сафда юриш қоидалари, қурол билан ишлаш, ҳарбий тартиб ва буйруқларни бажариш, спортнинг техник ва амалий турларидан сабоқлар олади.

Ташкилот томонидан картинг, автокросс, авторалли, автомобиль халқа пойгалари, автомобиль кўпкураши, мотокросс, триатлон, дуатлон, ёзги биатлон, ўқ отиш, авиамодель, ракетамодель, кемамодель спорти, телефон ҳамда телеграф орқали радиоалоқа, бошқа техник ва амалий спорт турлари оммалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ташкилот тизимидаги 200 дан ортиқ ўқув муассаса ва ўқув спорт техника клубларида автотранспорт воситалари ҳайдовчиси, тракторчи, радиотелеграфист каби турли касбларни эгаллаш бўйича машғулотлар ўтказилмоқда.

Матбуот анжуманида "Ватанпарвар" ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада яхшилашга доир масалалар хусусида сўз юритилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкилот веб-сайтининг янги лойиҳаси тайёрлангани қайд этилди.

– "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларини сўзсиз бажариш мақсадида ташкилотимиз марказий кенгаши раисининг виртуал қабулхонаси очилди, – дейди “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши бўлим бошлиғи Т.Арслонов. – Виртуал қабулхонага юборилган хабарлар рўйхатдан ўтказилиб, расмий қоғоз кўринишидаги хат-хабарлар билан тенг равишда кўриб чиқилмоқда.

Анжуманда жорий йилда ташкилот томонидан мамлакатимизда спортнинг техник ва амалий турларини янада оммалаштириш, ёшларда ҳарбий ватанпарварлик руҳини янада ривожлантиришга қаратилган ўнга яқин янги лойиҳа ва спорт мусобақалари ўтказилиши режалаштирилганлиги ҳақида маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
3 319






Все о погоде - Pogoda.uz