ЎзА Ўзбек

18.10.2012 16:50 Чоп этиш версияси

Ташаббусларга амалий кўмак

Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми республика жамоатчилик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ўтказилган тадбирда тегишли жамоат ташкилотларининг раҳбарлари, вилоятлардаги ҳудудий жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов, Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми директори А.Хўжаева ва бошқалар мамлакатимизда барча ислоҳотлар аввало инсон манфаатлари учун хизмат қилаётганини таъкидлади. Бу жиҳатлар тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бу борада юртдошларимиз учун зарур ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий кўмак кўрсатишда яққол намоён бўлмоқда.

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми ва ҳамкор ташкилотлар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда “Ижтимоий қўллаб-қувватлаш ахборот марказларини барпо этиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу аҳоли ва кичик бизнес субъектларига ҳуқуқий ва ташкилий ёрдам кўрсатишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Бугунги кунгача мазкур ахборот марказлари томонидан 4300 га яқин мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларнинг 3456 тасига юқори малакали мутахассислар томонидан консультатив кўмак кўрсатилди. Айни пайтда қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, бандликни таъминлаш, имтиёзли кредитлар ажратишга кўмаклашиш, ижтимоий аҳамиятга молик бизнес ғояларни ҳаётга татбиқ этишга доир 300 га яқин лойиҳа амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳри ўртасида видеоконференция тарзида ўтказилган ушбу йиғилишда мазкур лойиҳанинг жойлардаги ижроси билан боғлиқ ташкилий, ҳуқуқий, иқтисодий масалалар атрофлича муҳокама этилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.


ЎзА, Назокат Усмонова
8 750