ЎзА Ўзбек

11.10.2018 17:41 Чоп этиш версияси

Ташаббус-2018: ишбилармон ва ташаббускорлар кўриги

Ташаббус-2018: ишбилармон ва ташаббускорлар кўриги

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи якунланди.

Танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 560 дан зиёд тадбиркор, фермер ва ҳунарманд қатнашиб, улардан 60 нафари ғолиб сифатида вилоят босқичида иштирок этди. Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилояти мусиқали драма театрида ўтказилган тадбир доирасида ташкил этилган кўргазма ҳам ҳудудда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури кўпайиб, сифати яхшиланаётганини намойиш этди.

Вилоятда ислоҳотлар натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилаётгани, фермерлар фақат деҳқончилик билан эмас, балки ўзлари етиштираётган маҳсулотларни қайта ишлаётгани, миллий ҳунармандчилик йилдан-йилга ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Ҳакамлар ҳайъати тадбиркорларнинг фаолиятини баҳолашда ишлаб чиқариш кўрсаткичи, маҳсулот сифати, рақобатбардошлиги ва экспортга мослигига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

16.JPG

Саноат соҳасида Фориш туманидаги “Mega invest industrial” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонаси раҳбари Ёрқин Тилабов, хизмат кўрсатиш йўналишида Зомин туманидаги “Азим Зомин шифо” МЧЖ раҳбари Ойбек Маматқулов “Йилнинг энг яхши тадбиркори”, Жиззах шаҳридаги “Luxury Furniture Business” МЧЖ раҳбари Дилшод Ҳусанов “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, Ғаллаорол туманидан Барно Нарзуллаева “Йилнинг энг яхши ҳунарманди”, Дўстлик туманидаги “Мирзо Маҳмуд МММ” фермер хўжалиги раҳбари Мирзамаҳмуд Бўтаев “Йилнинг энг яхши фермери”, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Бу йил ички бозорга 10 тонна гўшт, 12 тонна сут етказиб бердик, – дейди “Мирзо Маҳмуд МММ” фермер хўжалиги раҳбари Мирзамаҳмуд Бўтаев. – Хўжалигимизда Украинадан келтирилган зотдор моллар боқилмоқда. Кўрик-танловда қатнашиш жараёнида фаолиятимизни янада кенгайтириш бўйича янги йўналишлар билан танишдик. Келгусида ўзимиз етиштирган маҳсулотни қайта ишлашни ҳам йўлга қўймоқчимиз.

7.JPG

Танлов якунида “Ёшларга энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳачи”, “Энг яхши экспортчи”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Йилнинг энг яхши маҳсулоти” ва “Энг масъулятли ижтимоий шерик” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Т.Бекназаров, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА​​
3 122