ЎзА Ўзбек

09.08.2018 11:00 Чоп этиш версияси

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ЎзАга билдирган эътирози асослими?..

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ЎзАга билдирган эътирози асослими?..
Хориждаги юртдошларимиз ҳуқуқи ҳимоя қилинган: конструктив танқидми ёки юзаки ёндашув?

(жавоб хати асл ҳолича эълон қилинмоқда)

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги порталида “Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга ишга жўнатган юртдошларимиз ҳуқуқини нега ҳимоя қилмади?” (16.07.2018) номли мақола эълон қилингандан сўнг, юзага келган вазиятни ўрганиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан махсус ишчи комиссияси тузилди ҳамда ҳолат юзасидан текширув ишлари ўтказилди.

Маълум бўлишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 2017 йилнинг июль ойида 44 нафар фуқаро (мақолада келтирилганидек 62 нафар эмас) ҳақиқатан Россия Федерациясининг Барнаул шаҳридаги “БТК групп” корхонасига тикувчилик соҳаси бўйича ишга юборилган. 

Мақолада Агентлик ёрдами билан 2017 йилнинг июль ойида Барнаулга ишга борган фуқаролар – Одина Бакирова (Наманган вилояти, Норин тумани), Олтиной Каримова (Андижон вилояти, Андижон тумани, “Тўққизбоғ” МФЙ, Ҳакан қишлоғи) ҳамда Сирож Жўрақулов (Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани, Ҳамид Олимжон МФЙ, Тоқичилик қишлоғи)нинг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ва меҳнат ҳуқуқлари поймол этилгани таъкидланган. Махсус ишчи комиссияси мақолада келтирилган ушбу ҳолатга тааллуқли далиллар ва манбаларни текшириб, қуйидагиларни аниқлади:

1. Мақолада Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги ишга жалб қилиш бўйича тарқалган эълонда талабгорларнинг темир йўл чипталарини имтиёзли нархларда сотиб олиши кўрсатилгани, шунга қарамай, фуқаро О.Бакирова темир йўл чиптасини тўлиқ нархда сотиб олгани айтилган. Бироқ меҳнат мигрантлари учун темир йўл чипталарини имтиёзли нархларда сотиб олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги қарорига биноан қабул қилиниб, имтиёзлар 2018 йилнинг 1 апрелидан татбиқ этиб келинмоқда. Демак, фуқаро О.Бакирова темир йўл чиптасини сотиб олган пайтда, яъни 2017 йилнинг июль ойида Россияга ишга кетувчи фуқароларга қарорда белгиланган имтиёзлар қўлланилмаган. 

2. Фуқаролар О.Бакирова, О.Каримова ҳамда С.Жўрақулов Барнаулда ўзлари учун берилган турар жойларнинг белгиланган талаблар ва шароитларга жавоб бермаганлигини, Агентлик томонидан уларга ҳамроҳ қилиб юборилган ходимнинг шу вазиятни кўриб туриб, бирор чора-тадбир кўрмаганлигини, аксинча, уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйганлигини таъкидлаб ўтишган. Фуқароларни Ўзбекистондан Барнаулга чиндан ҳам Агентлик ходими кузатиб борган. Дастлабки вақтда яшаш шароитлари қониқарли бўлмагани рост, бироқ бу ҳақида Агентлик томонидан иш берувчига эътироз билдирилган. Шунга мувофиқ, иш берувчи томонидан 10 кун муддатда яшаш жойлари таъмирланиб, талаб даражасига келтирилган.

Бу ҳолатни текшириш учун 2017 йилнинг август ойида Агентлик раҳбари ва мутахассислари иштирокидаги комиссия Барнаул шаҳрида бўлиб, иш берувчи ва корхонада ишлаётган фуқаролар билан суҳбат ўтказган. Уларнинг меҳнат, яшаш ва овқатланиш шароитлари кўздан кечирилган ва фуқаролар томонидан бу борада муаммолар йўқлиги билдирилган.

Бироқ куз келиб, ёғингарчилик мавсуми бошлангандан сўнг, ётоқхонанинг айрим жойларида чакки ўтиш ҳолатлари кузатилиб, бу хусусида фуқаролар томонидан Агентликка маълум қилинган. Шундан сўнг, 2017 йилнинг сентябрь ойида Агентлик ходимлари яна Барнаул шаҳрига хизмат сафари билан боришиб, корхонага муаммони бартараф этиш юзасидан мурожаат қилишган ва фуқароларнинг ётоқхоналари алмаштирилиб, яшаш шароитлари яхшиланган. 
Бундан ташқари, Агентлик орқали Барнаул шаҳрига тикувчилик соҳаси бўйича ишга юборилган Олтиной Каримова билан 2018 йил 17 июлда учрашиб, суҳбатлашилганда О.Каримова Барнаулдаги меҳнат шароитлари тўғри келмаганлиги, жамоа ўртасида бошқа ишловчилар билан чиқиша олмаганлиги учун бир ойдан кейин Москва шаҳридаги отасининг ёнига ишга кетиб қолганлигини ва 2018 йил январь ойида Ўзбекистонга қайтиб келганлигини, агарда яна иш ўринлари бўлса, Агентлик орқали Москва шаҳрига ишга бормоқчи эканлигини маълум қилди.

3. Мақолада фуқароларнинг шартномада кўрсатилган 11 соатлик иш вақтидан ортиқ меҳнат қилгани, белгилангандан кўра кўпроқ норма талаб этилгани ва энг асосийси, иш ҳақлари шартномада кўрсатилганидек тўланмагани фуқаролар тилидан қайд этилган. Аввало, мақолада шартноманинг бошқа бандида кўрсатилган муҳим жиҳат, яъни қатъий ўн бир соатлик иш куни белгиланган бўлса-да, улардан икки кун ишлаб, икки кун дам олиш тартиби эътибордан четда қолдирилган, ваҳоланки, бу меҳнат қонунчилиги меъёрларига зид эмас. Иккинчидан, агентлик орқали тикувчилик соҳаси бўйича Барнаул шаҳрига юборилган 44 нафар фуқарога иш ҳақи иш берувчи томонидан тақдим этилган талабнома асосида бажарилган ишга қараб ишбай тўланиши белгиланган. Барнаулда тикувчилик соҳаси бўйича ўтказилган танловларда 800-1000 АҚШ доллари иш ҳақи сифатида эмас, балки бажарилган иш миқдорига қараб 20000 – 40000 рублни (тахминан 350-650 АҚШ доллари) ташкил этиши таъкидланган ва бу Агентликнинг migration.uz сайтида берилган эълонда ҳам кўрсатилган.

Агентлик томонидан 2018 йил Барнаулдаги тикувчилик корхонасидан фуқароларнинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар олинганда, улар бажарган иш миқдорига қараб 53 минг рублгача, ўртача 35 минг рубль, етарли иш ҳажмини бажармаган фуқаролар эса 26 минг рубль атрофида иш ҳақи олишган. 
Ҳозирги вақтда “БТК груп” корхонасида бир йиллик шартнома муддати тугагандан кейин ҳам 18 нафардан ортиқ фуқаромиз шартнома муддатларини узайтириб, ишини давом эттирмоқда ва ўртача 40 минг рубль (660 АҚШ доллари) ойлик иш ҳақи олишмоқда.

Хусусан, Агентлик орқали Барнаулга ишга юборилган ва бугунги кунда ҳам меҳнат фаолиятини муваффақиятли давом эттириб келаётган фуқаро Азиз Раҳмонов (Жиззах вилояти) билан 2018 йилнинг 17 июль куни телефон орқали суҳбатлашилганда, ушбу маълумот тасдиқланди. Қолаверса, А.Раҳмонов ишлаш шароити яхшилигини ва қулай шароитга эга ётоқхонада яшаётганлигини таъкидлаб, бу борада кўрсатган ёрдами учун Агентликка самимий миннатдорчилик билдирди.

4. Мақолада фуқаро С.Жўрақулов ўзига нисбатан ортиқча нормалар қўйилгани ҳамда қирқ икки кун ишлагандан сўнг, турли баҳоналар билан фақатгина 7000 рубль берилганини айтиб ўтган. Аввало, шуни таъкидлаш керакки, С.Жўрақулов иқтисодиёт коллежини тугатгани боис, “БТК груп” корхонасида тайёрланадиган махсус ҳарбий кийимларни тикиш бўйича етарли даражада касб малакасига эга бўлмаган ва шу сабаб кам иш бажарган. Юқорида таъкидланганидек, иш ҳақи ишбай тўлангани боис С.Жўрақулов кам маош олган. Бундан ташқари, фуқаро С.Жўрақулов белгиланган меҳнат интизомини қўпол равишда бузганлиги учун у билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

5. Шунингдек, махсус ишчи комиссияси томонидан мақолада келтирилган баъзи далилларнинг асоссиз эканлиги ҳам аниқланди. Масалан, маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича Наманган вилоятининг Норин туманида Республика ишчи гуруҳи фаолият олиб бориб, туманда 106 минг нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли борлиги, ҳисоботларда улардан 4377 нафари ишсиз деб кўрсатилгани, қайси хонадонга кирилмасин, икки ёки уч нафар ишсизга дуч келингани қайд этилган. Бироқ келтирилган маълумотлар ҳозирги кунда расмий эмас. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Илмий маркази томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, Норин туманида меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 90,1 минг, иқтисодий фаол аҳоли сони 60,7 минг, ишсизлар сони эса 6,4 мингни ташкил этмоқда (иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 10,5 фоизни).

Президентимизнинг 2018 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3839-сонли қарори билан жойларда фуқароларнинг касб маҳоратларини баҳоловчи ҳамда хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларни касбга ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича марказлар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўз фаолиятига доир конструктив танқидий маълумотларни холис қабул қилади ва келгусида асосли танқиддан тўғри хулоса чиқариб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриб боради.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик 
ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ЎзАга билдирган эътирози асослими?..

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шу йилнинг 16 июль куни uza.uz расмий сайтида эълон қилинган “Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга ишга жўнатган юртдошларимиз ҳуқуқини нега ҳимоя қилмади?” сарлавҳали мақола юзасидан “ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШЛАРИМИЗ ҲУҚУҚИ ҲИМОЯ ҚИЛИНГАН: КОНСТРУКТИВ ТАНҚИДМИ ЁКИ ЮЗАКИ ЁНДАШУВ?” сарлавҳаси остида жавоб хати йўллади. Унда ёзилишича “мақола эълон қилинганидан сўнг, юзага келган вазиятни ўрганиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан махсус ишчи комиссияси тузилди ҳамда ҳолат юзасидан текширув ишлари ўтказилди”.

Хатда рақамланган 5 банддан иборат битикда мақолада келтирилган фактларни инкор этишга ҳаракат қилинган. Бироқ ҳақиқат шуки, биз билан суҳбатда бўлган Одина Бакирова (Наманган вилояти, Норин тумани), Олтиной Каримова (Андижон вилояти, Андижон тумани) ҳамда Сирож Жўрақулов (Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани) уларга Россияга кетишдан аввал Тошкентда кўрсатилган видео тасвирлардаги шарт-шароитлар амалда ёлғон бўлиб чиққанини айтишган. Буни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўз жавоб хатида ҳам тан олган: “Дастлабки вақтда яшаш шароитлари қониқарли бўлмагани рост, бироқ бу ҳақида Агентлик томонидан иш берувчига эътироз билдирилган. Шунга мувофиқ, иш берувчи томонидан 10 кун муддатда яшаш жойлари таъмирланиб, талаб даражасига келтирилган”.

Вазирликнинг жавоб хатидан сўнг яна Олтиной Каримова, Сирож Жўрақулов билан телефон орқали боғландик. Одина Бакирова айни пайтда шифохонада даволанаётгани боис у билан гаплашиш имкони бўлмади.

– Мақола эълон қилингач, Андижон вилояти бандлик бош бошқармасида ишлайдиган Муроджон, Улуғбек исмли йигитлар билан гаплашдим. Уларга ҳам бўлиб ўтган воқеаларни қандай бўлса, шундайлигича айтиб бердим, – дейди Олтиной Каримова. – Россия Федерациясининг Барнаул шаҳридаги “БТК груп” корхонасига тикувчилик соҳаси бўйича 60 нафар киши ишга жўнатилган. Биз билан 45 киши борган эди. Кейинчалик яна 15 киши сафимизга қўшилди. Улар ҳам биз турган ўша бинога жойлашди. Ҳаммамиз бир вақтда иш бошлаганмиз. Барнаул шаҳрига 2017 йилнинг 17 июль куни етиб борган бўлсак Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари орадан 20 кун ўтганидан кейин - 3 август куни вазиятни ўрганиш учун келишди. Яшаш жойимизни ўзимиз ремонт қилиб, шароитни ўзимиз яратиб олдик.

Вазирликнинг жавоб хатида “Мақолада шартноманинг бошқа бандида кўрсатилган муҳим жиҳат, яъни қатъий ўн бир соатлик иш куни белгиланган бўлса-да, улардан икки кун ишлаб, икки кун дам олиш тартиби эътибордан четда қолдирилган, ваҳоланки, бу меҳнат қонунчилиги меъёрларига зид эмас” деган тушунарсизроқ жумла мавжуд.

– Ростдан ҳам шартномада ўн бир соатлик иш куни кўрсатилган бироқ биз соат 7.00 дан 23.00 гача ишладик. Шанба-якшанба кунлари ҳам дам олганимиз йўқ, бу ерда қандай “икки кун ишлаб, икки кун дам олиш тартиби” назарда тутилганини тушунмадим, – дейди О.Каримова.

Безымянный.jpg

“Мақолада фуқаро С.Жўрақулов ўзига нисбатан ортиқча нормалар қўйилгани ҳамда қирқ икки кун ишлагандан сўнг, турли баҳоналар билан фақатгина 7000 рубль берилганини айтиб ўтган. Аввало, шуни таъкидлаш керакки, С.Жўрақулов иқтисодиёт коллежини тугатгани боис, “БТК груп” корхонасида тайёрланадиган махсус ҳарбий кийимларни тикиш бўйича етарли даражада касб малакасига эга бўлмаган ва шу сабаб кам иш бажарган. Юқорида таъкидланганидек, иш ҳақи ишбай тўлангани боис С.Жўрақулов кам маош олган. Бундан ташқари, фуқаро С.Жўрақулов белгиланган меҳнат интизомини қўпол равишда бузганлиги учун у билан меҳнат шартномаси бекор қилинган”, дейилади вазирликнинг жавоб хатида. Ушбу эътирозлар юзасидан Сирож Жўрақуловнинг фикрини билмоқчи бўлдик.

– Биз билан бирга жўнатилганлар орасида ростдан ҳам етарли даражада касб малакасига эга бўлмаганлар бор эди. Аммо биз имтиҳондан ўтганмиз, касб малакамиз қандай эканини улар яхши билишар эди, – дейди С.Жўрақулов. – Менга ўхшаган ёшларни иш ўрганиш, маҳоратини ошириш, келажакда мамлакатимизда очиладиган ана шундай корхоналарда меҳнат қилишимиз учун жўнатишаётганини айтишган бизга. Мен белгиланган нормани ҳар доим бажарганман. Нима қилиб “меҳнат интизомини қўпол равишда бузганимни” ҳалигача тушунмайман. Ҳеч ким буни тушунтирмаган ҳам. Агар бирор айбим бўлса, менга ҳам билдиришса, яхши бўлар эди.

Хуллас, чувалатса гап кўпаяверади. Аммо бизга мурожаат қилганлар кимнидир айблаш фикридан йироқ. Йўқса, бир йил давомида бу ишни қилган бўлишар эди. Улар қайтганимиздан кейин ҳам ҳеч ким биздан ҳол-аҳвол сўрамади, қарзга ботиб кетган эдик, қарз олиб қайтиб келдик, баъзиларимиз соғлиғимиздан айрилдик, шуни билиб қўйинглар, дейишди холос. 


ЎзА
9 162