ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари 32 юртдошимизни Россияга ишлаш учун олиб борган эди... Уларнинг аҳволи яхшими?

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари 32 юртдошимизни Россияга ишлаш учун олиб борган эди... Уларнинг аҳволи яхшими?

Хориждаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг аҳволи қандай? Имконият ва шароитлар борми, қанча маош олади? Улар шу кунларда юртимизга шошмоқда. Коронавирус хавфидан қўрқаяптими ёки... 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов 32 юртдошимизни Россиядаги қурилишларда шартнома асосида ишлаш учун олиб борган эди. Вазият ўзгарди, коронавирус тарқалгани боис чегаралар ёпилган, ҳамкасбимиз айни вақтда Екатеринбургда бўлиб турибди. 
2e2d31af-32fd-46db-85bf-bc47de2c3744.jpg

ЎзА мухбири бу вазиятга ойдинлик киритиш, Екатеринбургда ишлаётган ҳамюртларимиз аҳволидан хабардор бўлиш мақсадида О.Норов билан масофадан туриб суҳбатлашди.

– Сиз иш билан боргандингиз. Кейин...

– Бир гуруҳ юртдошларимизни Екатеринбургдаги иш жойи билан таништириш, шартномада кўрсатилган талабларни кузатиш учун келгандик, ишимиз якунига етиши билан қайтишимиз белгиланган эди. Шартномага кўра, юртдошларимиз бажарган иши учун ҳақ олади, ётоқ ва овқат билан таъминланади. Шу кунларда биз билан келган 32 ҳамюртимиз ишни бошлаган. Уларни жалб қилган компания йўл ҳақини тўлаган, ойлик патент тўловларини ҳам қилиб беради. Ҳаммаси яхши, лекин вазият ўзгариб қолди. Маълум бўлишича, биринчи ўринда аввалдан қайтиш учун билет сотиб олган, аэропортларда қийин вазиятда қолган, бемор бўлган фуқаролар мамлакатимиз томонидан ташкил этилган махсус чартер рейсларда олиб қайтилиши режалаштирилган ва амалга ошириляпти. Тушунамиз, мусофир юртда юрган фуқароларимизни битта, иккита ёки ўнта самолётда олиб қайтишнинг имкони йўқ.

– Сиз иш учун олиб борган юртдошларимизнинг аҳволи яхшими?

– Биз айни пайтда бўлиб турган шаҳарда у қадар фавқулодда ҳолат сезилмайди. Юртдошларимиз ҳам ўз иши билан банд. Жамоат транспортлари, савдо шохобчалари ишлаб турибди. Ҳеч қандай чекловларни айтишгани йўқ. Ҳатто умумий овқатланиш жойларида ҳам чеклов ўрнатилмаган. Шу жараёнда ишлаётган, яшаётган юртдошларимиз ҳолидан хабар олиш, суҳбатлашиш учун вақтимиз кўпроқ бўляпти. Уларнинг иш жараёнларини кузатиш имконияти ҳам бор. 

– Ҳамма жойда карантин. Оиладан узоқда кўнгилдан қандай кечинмалар ўтяпти?

– Гапимни фақатгина Россияда эмас, балки бошқа мамлакатларда ҳам бўлиб турган юртдошларимиз нима учун Ўзбекистонга, ўз она юртига талпинаётгани ҳақида фикр билдиришдан бошламоқчиман. Ҳамма биринчи навбатда, ўз оиласи, яқинлари даврасида бўлишни истайди ва шунга интилади. Шу билан бирга дунё бўйича тарқалган эпидемия, хавф ҳеч бир жойда, ҳеч бир мамлакатда оддий қабул қилинмаяпти. Ишониб айтаманки, Ўзбекистонга борсам, хавфдан холи бўламан, деган фикр бўлмаса керак. Улар фақат оила аъзолари бағрига, она юртига шошаётган бўлиш эҳтимоли юқори. Лекин ҳаммамиз тўғри тушунишимиз керакки, қанчалик соғинмайлик, интилмайлик ўз юртимизга юборгач ҳам хавфсизлик нуқтаи-назаридан, оила аъзоларимиз, юртдошларимиз соғлиғини асраган ҳолда белгиланган карантин муддатини ўташимиз керак бўлади. Яқинларимиз билан кўриша олмаймиз. Шу боис, хотиржамлик билан карантинга риоя қилиш ёки қаерда бўлсак хавфсизлигимиз юзасидан вақтинча ўша жойда қолишимиз керак. 

– Мигрантларнинг дилида қандай гаплар бор? 

– Нафақат ўзимиз олиб келган, балки аввалдан ишлаб юрган, ихтиёрий келган меҳнат мигрантлари билан ҳам суҳбатда бўлиб, вазиятни ўрганяпмиз. Хавфли вирус тарқалган, турли қийин вазиятлар юзага келган ёки яна бошқа бир ҳолатларда ҳам ўз ишидан, яшаши, турмуши, маошидан нолиётган меҳнат мигрантларимизни учратмадик. Имконият даражасида патент ҳужжатларининг муддати узайтирилиб, уларнинг шу ерда қолиш вақти ҳам инобатга олиняпти. Шунинг ўзи ҳам катта имконият ва ёрдам. 

Иш яхшидир, маош яхшидир, аммо меҳнат мигрантларининг тилида ва дилида Ватани, оиласида бўлиш истаги бор. Шунга яраша ойлик керак уларга. Улар биз билан суҳбатда “Тирикчилик учун ишлаб юрибмиз” деган гапни айтади. Жуда кам ойлик олаётган юртдошларимиз бизга ҳозиргача мурожаат қилмаган. Ҳозир Тошкент шаҳрида ёки вилоятларнинг марказий жойларида қурилишлар бўляпти. Лекин бу етарлича иш ўрни
дегани эмас. Имконият бўлса, шароитлар яратилса ўзга элларда юрган юртдошларимиз ҳам юртимиз равнақи учун хизмат қилишга тайёр.

– Меҳнат мигрантлари нега битта жойда узоқ вақт ишлай олмаяпти? Иш жойини тез-тез ўзгартиришга мажбур бўлмоқда?

– Уларнинг муаммоси йўқми? Албатта бор. Иш берувчилар билан бу борада кўп маслаҳатлашганмиз, сўраганмиз. Уларнинг айтишича, юртдошларимизнинг халқимизга хос бўлган андишалилиги, ҳамма нарсани ичига ютиши, муаммоларни иш берувчининг юзига айтмаслиги катта-катта муаммоларни келтириб чиқаради. Ёки уларнинг индамасдан, ўз ишини ташлаб, ҳеч нарса демай, жимгина ишини ўзгартиришига сабаб бўлади. Тушуняпсизми? Аслида муаммони ўз вақтида, керакли жойда айта олиш ҳам керак. Ундан ташқари меҳнат мигрантлари қурилишда ишлаётган бўлсаю, унинг иши иш берувчига ёқмаса буздириб, қайтадан қурдиради. Бу ҳам белгиланган талаблардан бири. Шунинг учун ҳам юртдошларимиздан мутахассис бўлиши, ҳеч бўлмаганда биронта ишга кўникмаси бўлишини талаб қиламиз. Баъзи меҳнат мигрантларимиз билан суҳбатда маълум бўляптики, улар ойига юз минг рубль топади.

– Хорижда мажбурият, иш юзасидан бўлиб турган сиз каби юртдошларимиз бор...

– Қачон, қаерга чиқамиз, ким билан учрашамиз, қайси транспорт орқали ортга қайтамиз... Бу каби саволларга аниқ жавобимиз бўларди. Ҳозир эса йўқ. Бу вазият қачон яхшиланади? Қачон ўнгланади? Бу ҳозирча номаъум. Лекин сабр қиламиз ва ҳаммаси яхши бўлишига ишонамиз. Айрим фуқароларимиз юртимизга қайтиб нафақат ўз саломатлигини хавф остида қолдирди, балки яқинлари учун хавфни юзага келтирди. Ҳозирги вазиятда шошқалоқлик қилмасдан, ҳушёрлик билан, ўзимиз ва атрофимиздагиларни эҳтиёт қилган ҳолда ҳаракат қилишимиз керак.


4 617
Барно Мелиқулова, ЎзА