ЎзА Ўзбек

11.01.2019 18:40 Чоп этиш версияси

Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари икки томонлама ва Марказий Осиё шаклидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга содиқ

Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари икки томонлама ва Марказий Осиё шаклидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга содиқ


Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 11 январь куни мамлакатимизга келган Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда қайд этилганидек, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида турли даражадаги, аввало, давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазамлик касб этган мулоқотлар дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш имконини бермоқда.

Хабарда қайд этилишича, музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш масалалари муҳокама этилган.

Ҳар икки томон учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини тасдиқлашган.

2018 йилнинг 11 ойи давомида икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2017 йилнинг ушбу даврига нисбатан 55 фоизга ортиб, 363 миллион долларни ташкил этган.

Шунингдек, мулоқотда жорий йилнинг 12-13 январь кунлари Самарқанд шаҳрида Афғонистон иштирокида бўлиб ўтадиган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқотининг биринчи учрашуви кун тартибига доир масалалар юзасидан фикр алмашилган. Ушбу форматдаги анжуман турли йўналишлардаги минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш имконини бериши қайд этилган.

Музокаралар якунида Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари икки томонлама ва Марказий Осиё шаклидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга содиқ эканликларини яна бир бор тасдиқлашган.



ЎзА
1 234