Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

05.09.2018 20:27 Чоп этиш версияси

Ташқи бозорда ҳам харидоргир маҳсулот

Ташқи бозорда ҳам харидоргир маҳсулот Тикувчилик йўналишида, хусусан, костюм ишлаб чиқаришда мамлакатимизда наманганлик тадбиркорлар пешқадамлар қаторида десак, хато бўлмайди.

Наманган вилоятидаги “Истиқлол дизайн маркази”, “Ифтихор кийим саноат”, “Замин Люкс Текстиль”, “Текстиль либос”, “Люкс плюс сервис”, “Фахр Текстиль Савдо” каби 40 дан зиёд корхонада ишлаб чиқарилаётган костюмлар ўзининг юқори сифати ва хушбичимлиги билан хорижда ҳам аллақачон харидоргир бўлиб улгурган.

7 (1).jpg

Яқинда ишга туширилган “Sugʻdiyona fayz tekstil” МЧЖ ана шу катта рақобат майдонига дадил кириб келмоқда.

Наманган шаҳрида фаолият бошлаган “Орзу” кичик саноат зонасида Мустақиллик байрами арафасида турли йўналишдаги ўнлаб тадбиркорлик субъектлари ишга туширилди. Хусусан, “Sugʻdiyona fayz tekstil” ҳам тадбиркор Мухторжон Дадабоевнинг кичик саноат зонаси лойиҳаси доирасида яратилган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиши самарасида барпо этилган истиқболли корхоналардан биридир.

Костюм ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхонани ташкил этиш учун тадбиркор ўз маблағи ҳисобидан 3 миллиард 500 миллион сўм сармоя сарфлади. Шундан 1 миллиард 500 миллион сўми 0,2 гектар майдонда амалга оширилган қурилиш-монтаж ишларига йўналтирилган бўлса, 2 миллиард сўмга хориждан замонавий тикиш, бичиш, қолиплаш, дазмол босиш каби зарур илғор тикувчилик дастгоҳлари жамланмаси келтирилди.

1 (1).jpg

150 янги иш ўрни яратилган корхонада “Imibrand” савдо ёрлиғи остида ишлаб чиқариладиган костюмларга ҳозирдан ташқи бозор, жумладан, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларидан харидорлар катта қизиқиш билдирмоқда.

– Қозоғистонлик тадбиркорлар билан 120 минг долларлик экспорт шартномаси тузиш бўйича келишувга эришдик, – дейди корхона раҳбари М.Дадабоев. – Келгусида экспорт географиясини янада кенгайтириш ва маҳсулотнинг асосий қисмини ташқи бозорга чиқаришни режалаштирганмиз.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА