ЎзА Ўзбек

25.06.2018 15:12 Чоп этиш версияси

Абдулазиз Комилов ИҲТ Бош котиби Ҳалил Ибраҳим билан учрашди

Абдулазиз Комилов ИҲТ Бош котиби Ҳалил Ибраҳим билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизга ташриф буюрган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Ҳалил Ибраҳим Акчани қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилиб, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Шу куни А.Комилов мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлган Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмарни қабул қилди.

Учрашув бошида Муҳаммад Ҳаниф Атмар қурғоқчиликдан жабр чеккан Афғонистон халқига кўрсатилган гуманитар ёрдам учун Президент Муҳаммад Ашраф Ғани номидан Ўзбекистон Ҳукумати ва халқига самимий миннатдорлик изҳор этди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон – Афғонистон ва минтақа кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Президент маслаҳатчиси Афғонистондаги вазият ҳақида батафсил маълумот берди. У 2018 йил 26- 27 март кунлари Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича изчил ва тизимли ишлар учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Афғонистон томони Ташқи ишлар вазирлигининг 18 июндаги Баёнотида келтирилган тинчлик музокаралари жараёнига кўмак кўрсатиш тўғрисидаги Ўзбекистон ҳукумати мавқейини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Суҳбат давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, гуманитар, таълим ва бошқа соҳаларда давлатлараро ҳамкорликнинг жадал ривожланиши мамнуният билан таъкидланди ва икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
3 060