ЎзА Ўзбек

24.10.2019 Чоп этиш версияси

Тароватли кузнинг ёрқин тадбири – “ТОШКЕНТ МОДА ҲАФТАЛИГИ-2019“

Тароватли кузнинг ёрқин тадбири – “ТОШКЕНТ МОДА ҲАФТАЛИГИ-2019“

Гўзаллик ва нафосат шайдолари учун куз фаслининг бетакрор туҳфалари бисёр. Тароватли бу фасл ижодкор қалбларга ажиб илҳом ва ижодий янгиланиш тортиқ айлайди. Кузнинг ана шундай фараҳбахш кунларида фаслнинг энг кутилган ва жозибали воқеаси –Тошкент мода ҳафталиги бўлиб ўтади.

Жорий йилнинг 19-24 ноябрь кунлари ўтказилиши кўзда тутилаётган ҳафталикнинг асосий ташкилотчиси – Ўзбекистон Республикаси дизайнерлари “Осиё рамзи“ уюшмаси бўлиб, у ўз ичига туркум тадбирларни қамраб олган. 

Ҳафталикка дунёнинг бир неча давлатларидан соҳага оид таниқли мутахассислар, етакчи дизайнер ва экспертлар ҳамда бошқа меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда.

photo5298655115776994330.jpg

Дастурга кўра олти кун ичида: Миллий либослар фестивали, Tashkent Fashion Performanсe, # beyoung – ёш дизайнерлар танлови, маҳаллий ва хорижий дизайнерларнинг муаллифлик намойишлари каби унутилмас тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган.

Айниқса, Тошкент мода ҳафталиги доирасида бўлиб ўтадиган хорижий ва маҳаллий дизайнерларнинг “Маҳоратли дарслари”, шунингдек тўқимачилик ва кийим-кечак кўргазмалари барчада катта таассурот қолдириши аниқ.

Профессионал Мода ҳафталиги либослар оламида ўзбек мода брендини тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, дизайнерларга ўз коллекцияларини намойиш этиш ва томошабинларга замонавий мода анъаналарини баҳолаш имкониятини беришдан иборат бўлган соҳа индустриясининг ўзига хос ҳодисасидир. Тошкент мода ҳафталиги дизайнерларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантиришга, янги номларни аниқлашга, ёш дизайнерлар учун кенг истиқболларни очишга ёрдам беради. Мода ҳафталигининг тадбирлари профессионал муҳитни шакллантиришга, глобал мода саноатининг халқаро ҳамкорлик ҳудудини яратишга қаратилган.

photo5296679297676848181.jpg

Бир сўз билан айтганда, ушбу модалар ҳафталиги истеъдодли, қобилиятли, ёрқин ва оригинал дизайнерлар, ҳунармандлар ва мутахассисларни юзага чиқаради ва бирлаштиради.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш қўмитаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмаги асосида ўтказилади. Италия, Франция, Буюк Британия, Россия каби давлатлар эса тадбирнинг ҳамкор мамлакатлари ҳисобланади.

2 518
ЎзА