ЎзА Ўзбек

11.10.2018 19:37 Чоп этиш версияси

Тарихий обидалар эътиборга муҳтож

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши томонидан моддий-маданий мерос объектларини тўлиқ инвентаризация қилиш, муҳофазага олиш ва улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш ҳамда бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

– Вилоят шаҳар ва туманларида 331 маданий мерос объекти мавжуд. Улардан 113 таси археологик ёдгорликлар, 136 таси меъморий, 37 таси монументал санъат ёдгорликлари ва 85 таси диққатга сазовор жойлардир, – дейди ЎзМДТП вилоят кенгаши девони раҳбари Равшанжон Отабоев. – Партия вилоят кенгашида мавжуд маданий мерос объектлари ҳолатини ўрганиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган. Айни пайтга қадар гуруҳ томонидан 221 та маданий мерос объекти ўрганилди.

Афсуски, бу борадаги ишларни барча жойда ҳам яхши, деб бўлмайди. Кўп асрлик тарихга эга баъзи обидалар қаровсиз, ачинарли ҳолга келиб қолган. Маданий мерос объектларини асраш, рўйхатдан ўтказиш ва паспортини тайёрлаш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида ҳам муаммолар мавжуд.

Марғилон шаҳри “Узун ҳовуз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги жоме масжиди XIX асрда (1840-1860 йилларда) Қўқон хони Худоёрхоннинг иниси Султон Муродбек Марғилон шаҳрига ҳоким этиб тайинланишидан аввал қурилгани тахмин қилинади. Масжид 35х21 метр ўлчамдаги йирик иншоот бўлиб, қишки намозхона ва унга ёндош айвондан иборат. Иморат қўшқават синч қилиб қурилган. Қишки намозхонанинг ёғоч шифти тўртта устунга ўрнатилган. Шифт харилари орқали тўққиз мурабба қисмга ажратилган. Серустун айвон марказий бинони шимол, шарқ ва жануб томондан ўраб олган. 2 қишки намозхона ва 1 катта айвондан иборат ушбу бинонинг кадастр ҳужжати мавжуд.

Ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар чоғида бу обида эътиборсиз қолганидан ташландиқ, авария ҳолатига келиб қолгани аниқланди. Маҳаллий аҳоли томонидан омборхона сифатида фойдаланиб келинади. Айвоннинг устунлари чириб, ачинарли аҳволга тушган. Таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиши зарур. Бино шифтидаги тарихий аҳамиятга эга нақшлар ўзининг асл ҳолатини йўқотган.

Партиянинг вилоят кенгаши томонидан шу каби маданий мерос объектларини давлат муҳофазасига олиш, муаммоларни бартараф этиш ҳамда ҳудуднинг туризм салоҳиятини юксалтириш борасида мутасаддилар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.



М.Сулаймонов, ЎзА
1 507