ЎзА Ўзбек

08.09.2019 Чоп этиш версияси

Тарихий меросни сақлаш ва ўрганиш, авлоддан-авлодга етказиш устувор вазифа

Тарихий меросни сақлаш ва ўрганиш, авлоддан-авлодга етказиш устувор вазифа

Айни кунларда юртимизда жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1046 йиллиги муносабати билан кенг миқёсда маъданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда ёшларимизга Берунийнинг ҳаёт йўли, илмий фаолияти хусусида атрофлича маълумот берилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши ташаббуси билан Урганч шаҳридаги Ал-Беруний ёдгорлик мажмуасида “Буюк алломаларимиз илмий-ижодий мероси – халқимиз йўлини ёритувчи тафаккур машъали” мавзуида ёшлар билан учрашув ташкил этилди.

Унда Урганч давлат университети ҳамда Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиаллари, Урганч тиббиёт коллежи профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчи олимлар, талаба ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Учрашувда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши раиси Ражаббой Рўзметов сўзга чиқиб, буюк бобокалонимиз – Абу Райҳон Беруний қолдирган бой илмий мероснинг оламшумул аҳамияти хусусида тўхталди.

photo_2019-09-08_14-56-41.jpg

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси халқимизда миллий ўзликни англаш ҳиссини ўстиришга ҳисса қўшар экан, тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва уларни янада кўпайтиришга кўмаклашиш, ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, ушбу бойликларни камол топиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш, ёшларда тарихий мерос ва халқ анъаналарига ҳурмат, эҳтиром уйғотиш каби кенг кўламли вазифаларни амалга ошириб келмоқда, - дейди Р.Рўзметов. - Партиямизнинг сайловолди Платформасида ўз аксини топганидек, “Бизнинг буюк тарихимиз Ўзбекистон халқининг генетик фондида, унинг тарихий хотираси ва амалларида сақланади ва қайта ривожланади. Тарихий меросни сақлаш ва ўрганиш, авлоддан-авлодга етказиш партиямизнинг бош устуворликларидан бири ҳисобланади”.

Учрашувда буюк қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг номи неча асрлардан буён инсоният қалбида яшаб келаётгани, алломанинг турли фан соҳаларига доир асарлари ҳали-ҳануз илм-фан аҳлини ҳайратга солади. Бу асарлар кўп замонлар билимлар тараққиётида ҳал қилувчи ўрин эгаллаб, жаҳон илм-фанининг юксак чўққиларини забт этганлиги таъкидланди.

– Берунийнинг ўз давридаги ва кейинги олимларга илмий таъсири жуда кучли бўлган, - дейди Халқ таълими аълочиси Собуржон Саъдуллаев. - Шунинг учун ҳам унинг замондошлари ва кейинги асрларда яшаб, ижод қилган шарқ мутафаккирлари, Европа олимлари ҳам ўзларининг устози, яъни муаллими деб тан олганлар. Беруний ёшларни билимга ўргатиш жараёнида ақлга ва тажрибадан ўтган билимга таяниш лозимлиги тўғрисидаги ғояни илгари сурган ҳолда, болалар билиши ва ўрганиши зарур бўлган фанларни ҳақиқий фанларга бўлади. Бу фанларнинг ҳар бирига ўз давригача бўлган билимларни умумлаштириб, ўзининг янги хулосалари билан катта ҳисса қўшган.

photo_2019-09-08_14-56-56.jpg

Тадбирда олимлар, профессор-ўқитувчилар томонидан Берунийнинг буюк кашфиётлари хусусида талабаларга муҳим маълумотлар берилди, ёшлар ёдгорлик мажмуасидаги музей экспонатлари билан таништирилди.

7 373
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА