Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

24.08.2018 22:05 Чоп этиш версияси

Тарихий бозор замонавий талқинда

Тарихий бозор замонавий талқинда Самарқанд шаҳрида “Silk Road Bazaar” (“Ипак йўли бозори”) миллий ҳунармандчилик ва савдо фестивали бошланди.

Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги “2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида туризмни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган фестивалда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган 80 дан ортиқ уста-ҳунармандлар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.

Самарқандлик ҳунармандларнинг кашта ва зардўзлик буюмлари, мисгар ва кулолларнинг нафис ишлари, Тошкент чиннилари-ю Марғилон адраси, Шаҳрисабз чопон ва нимчалари фестиваль қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.

28.JPG

Шунингдек, дунёга машҳур Самарқанд нонлари, Шарқ ширинликлари, серқуёш юртимизда етиштирилган турли мева ва полиз маҳсулотлари, миллий таомлар кўргазмаларини маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ҳайрат билан томоша қилиб, улардан татиб кўрди.

– Бу тадбир қадимий Ипак йўлининг бозори тарзида ташкил этилган бўлса-да, катта байрамга айланиб кетгани бизга манзур бўлди, – дейди бельгиялик сайёҳ Жустин Дефеш хоним. – Одамларнинг кўплиги ва бир-бирларига самимий муносабатлари Шарқ халқларига хос юксак маданиятдан далолат беради. Намойиш этилаётган ҳунармандлик маҳсулотларининг ранг-баранглиги ва турининг кўплигидан ҳайратдаман. Самарқандга саёҳатимиз ушбу фестивалга тўғри келганидан хурсандмиз.

Фестивалда вилоятдаги фольклор-этнографик жамоалар томонидан бадиий дастурлар, театрлаштирилган томошалар намойиш этилди. Ислом Каримов кўчаси атрофида ўрнатилган бир неча саҳналарда самарқандлик таниқли хонандалар ва ёш ижрочилар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.

12.JPG

– Оила аъзоларимиз билан Самарқандни зиёрат қилиш учун келган эдик. Қарангки, катта байрам устидан чиқиб қолдик, – дейди наманганлик Маҳмуджон Сирожиддинов. – Юртдошларимиз билан бирга чет элдан келган сайёҳларнинг миллий ҳунармандлик буюмлари, миллий таомларимизни катта қизиқиш билан томоша қилаётганини кўриб ўзимиз ҳам завқланиб кетдик. Шундай бетакрор юртда яшаётганимизга яна бир бор шукрона айтдик.

Фестиваль 25-26 август кунлари ҳам давом этади.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
3 878