Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 17:19 Чоп этиш версияси

Тарихий адолатнинг яна бир тантанаси

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 15 мартдаги «Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини ўқиб...

1996 йил. Париж. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ва ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги Бош директори Федерико Майор суҳбатида минглаб юлдузлар ҳаракатини жамлаган мукаммал астрономик жадвал яратган буюк ватандошимиз Мирзо Улуғбекнинг илмий мероси ҳақида гап кетади. Ўшанда жаноб Майор «Улуғбекнинг юлдузлар ҳаракатига оид ҳисоб-китоблари компьютер ёрдамида текшириб кўрилганда атиги бир неча дақиқага фарқ қилиши аниқланди», дейди. Ислом Каримов унга жавобан «йўқ, жаноб Федерико Майор, Улуғбек хато қилган бўлиши мумкин эмас, балки компьютерлар хато қилган бўлиши мумкин», дейди.

Гарчи бу гап дўстона лутф тариқасида айтилган бўлса-да, унинг замирида чуқур ҳақиқат мужассам. Ҳақиқат шуки, ўз Ватани тарихини мукаммал биладиган, улуғ аждодлари номини юксак эъзозлайдиган давлат раҳбарлари дунёда камдан-кам бўлади. Боз устига тарихда бир сиёсий мероснинг, давлат ва жамият қурилиши бўйича стратегик ғояларнинг катта ғайрат-шижоат билан муносиб давом эттирилиши, ислоҳотларни янги, янада юксак босқичларга олиб чиқилиши ҳам ўзига хос феномен, яъни ўта ноёб ҳодисадир.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг Ислом Каримов маънавий тикланиш ва янгиланиш ислоҳотларини улуғ аждодларимизнинг муборак номи, бой мероси, хотираси ва тарихий сиймосини тиклаш асосига қургани бежиз эмас. Чунки собиқ мустабид тузум даврида тарихий адолат бузилган, асл тарихимиз, аждодларимизнинг инсоният цивилизациясига қўшган муносиб ҳиссаси кўрсатилмас эди. Шу боис халқимизнинг ғурурини тикламасдан, одамларни янги марраларга руҳлантирмасдан ва келажакка ишонтирмай ислоҳотларни амалга ошириш қийин эди. Зотан, ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 15 мартдаги қарори билан Тошкент ахборот технологиялари университетига Муҳаммад ал-Хоразмий номи берилгани ана шундай улуғ ишлар силсиласининг янги босқичи, халқимиз ғурурини янада юксалтириш, улуғ аллома аждодимиз номини абадийлаштириш, унинг буюк ва бебаҳо меросини кенг ўрганишда янги имкониятлар эшигини очди.

Бугун Тошкент ахборот технологиялари университети замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган етакчи олий таълим муассасаларидан ҳисобланади. Университетнинг Самарқанд, Фарғона, Қарши, Урганч, Нукус филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Университет ва унинг филиалларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг, почта алоқа технологиялари каби ўнлаб таълим йўналишлари бўйича ўн мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Университетга улуғ аллома ватандошимиз номи берилиши ёш авлодни Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросининг муносиб давомчилари этиб тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Шавкат Мирзиёев бу ғоя ва ташаббусни 2016 йил 11 ноябрда Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашувда кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилган эди. Давлатимиз раҳбари «шу асосда ушбу университетнинг обрў-эътиборини ошириш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида биз билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган давлатлар, жумладан, Жанубий Корея билан Хоразмий бобомизнинг номини, унинг бебаҳо илмий меросини янада чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб қилиш борасида янги бир қадам қўйган бўлардик», деб таъкидлаганди.

Ўшанда Шавкат Мирзиёев барчамизнинг эътиборимизни дунёдаги машҳур “Би-би-си” компанияси тайёрлаган кичкина ҳужжатли фильмдаги бир фикрга қаратганини эслаш ўринли. Унда Буюк британиялик мухбир ўзининг мобиль телефонини кўрсатиб, “Мен ҳар сафар шу телефондан фойдаланганимда унинг ичида мужассам бўлган буюк ўзбек Муҳаммад Хоразмий даҳосига таъзим қиламан”, дейди.

Ҳақиқатан ҳам, бугун юқори технологияларга асосланган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида бажарилаётган барча ҳисоблаш амалларига буюк ватандошимиз Муҳаммад ал-Хоразмийнинг илмий кашфиётлари асос бўлиб хизмат қилаётгани ҳаммамизга ғурур-ифтихор бахш этади. Милодий 783 йилда Хоразмнинг маданият ва маърифат марказларидан бири – Хива шаҳрида таваллуд топган, буюк иқтидори, илм-фан тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси билан танилган Муҳаммад ал-Хоразмий ўз даврининг қомусий алломаси сифатида эътироф этилади. Унинг илм-фан тараққиёти йўлидаги хизматлари эътиборга олиниб, ўша даврда “Байт ул-Ҳикма” – “Донишмандлар уйи” деган ном билан машҳур бўлган Маъмун академиясига раҳбар этиб тайинланади.

Муҳаммад ал-Хоразмий “ноль” рақамини ва ўнлик саноқ тизимини, қутблар координаталарини биринчилардан бўлиб асослаб берган, амалиётга татбиқ этган. Алгебра фанига ва алгоритмлаштириш назариясига асос солган. Бу йўналишларда фундаментал маълумотлар, трактатларни илмий баён этиш қоидаларини ишлаб чиққан. Шу боис Шарқ олимлари орасида фақат Муҳаммад ал-Хоразмийнинг асарлари ва номи ҳақли равишда илмий давраларда фаол қўлланиб келинаётган “алгоритм” ва “алгебра” каби замонавий илмий атамаларда абадийлаштирилди. Президентимиз қарорига кўра 2018 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий таваллудининг 1235 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланиши бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқади.

“Оққан дарё асло тўхтамас”, дейди халқимиз. Буюк алломаларимизнинг шонли анъаналарини давом эттираётган, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай камол топаётган ёшларимиз сафи тобора кенгайиб бораётгани – Ўзбекистон ёшлари буюк бобокалонларига муносиб издош бўлаётганининг исботи.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашувда бу жиҳатга ҳам эътибор қаратиб, «Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси Ҳакимбой Эгамберганов қаторасига уч йил – 2014, 2015, 2016 йилларда математика бўйича Европа мамлакатларида бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадаларида олтин медални қўлга киритиб, Хоразмий бобомизнинг ҳақиқий набираси эканини исботлаб берди», деб таъкидлади.

– Ўша учрашувда Президентимизнинг Муҳаммад ал-Хоразмий номини абадийлаштириш борасидаги таклифларидан бир қувонган бўлсак, бугун бу улуғ ғоя амалга ошаётганидан яна бир карра ғурур туйдик, – дейди Ҳакимбой Эгамберганов. – Асли математика, алгебра Ал-Хоразмийдан бошланади. Дунё илмида замонавий кибернетиканинг фундаментал тушунчаси – «алгоритм» ҳам Ал-Хоразмий номига нисбат берилиши бежиз эмас. У зот наинки ўз даври, балки барча замоннинг энг буюк математиги. 2015 йили Болгарияда ўтган халқаро олимпиадада қизиқ воқеа бўлган: математиканинг бир йўналиши – комбинаторикага оид масалани ечдик, менинг ечимимга ҳакамлар дастлаб ноль балл қўйди. Жуда ажабландим. Чунки барчасини тўғри бажаргандим. Сўнг апелляцияга бердик. Якунда масалани шу вақтга қадар фанда кам қўлланилган янги усулда тўғри ечганимни исботлаб бердим, олтин медаль олдим. Шунда ҳакамлардан бири беписандроқ сўради: «Сен бола, ўзи қаердансан?» «Ўзбекистондан, Хоразмдан», дедим хотиржам. Шунда унинг кўзларида узрхоҳлик кўринди: «Ал-Хоразмий юртиданмисан, бўлди, бошқа саволим йўқ».

Президентимизнинг мазкур қарорида назарда тутилган барча тадбир мамлакатимизда иқтисодиётнинг инновацион тараққиётини таъминлашда, илм-фан ва кадрлар тайёрлашнинг ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг муваффақиятли амалга оширилишида муҳим омилдир. Зотан, мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси изчил мустаҳкамланаётгани эртага жаҳон иқтисодиётида қандай вазият юз бермасин, эл-юртимиз ўз йўлидан оғишмай, юксак тараққиёт ва фаровонлик сари собитқадам илдамлашида мустаҳкам асос бўлади.

Умид Ёқубов, ЎзА
2 151






Все о погоде - Pogoda.uz