Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.09.2018 17:53 Чоп этиш версияси

Тарихчи олим билан учрашув

Ўзбекистон давлат санъат музейида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, тарихчи-археолог олим Аҳмадали Асқаров билан учрашув ташкил этилди. Унда олимнинг шогирдлари, профессор-ўқитувчилар, ёш изланувчилар, талабалар иштирок этди.

Юртимизда илм-фан, маданият ривожи йўлида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, юртимиз тарихини ўрганиш, хусусан, археологик изланишлар олиб бориш натижасида аждодларимиздан қолган бой моддий-маданий меросимизни тадқиқ этиш ишлари жадаллашмоқда. Илм-фан ютуқларининг самарали ташкил этилишида олимларимизнинг ҳиссаси беқиёс.

А.Асқаров юртимизда нафақат археология йўналишида, балки тарих фанининг тараққиётига муносиб ҳисса қўшган олимлардан биридир. Академик мамлакатимиз фани ва маданияти тараққиёти йўлидаги самарали меҳнати сабаб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган. Тарихчи уч жилдли “Ўзбекистон тарихи” китоби, “Ўрта Осиё тарихий антропологияси”, “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи”, “Жанубий Ўзбекистонда бронза даври” каби маълумотларга бой монографиялар, 450 дан ортиқ рисолалар ва илмий мақолалар муаллифидир. Олимнинг асарлари рус, немис, форс ва бошқа тилларга таржима қилинган.

Учрашувда Ўзбекистонда археология фанининг ривожланиши, муҳим археологик манзиллар, археология фанини ўрганишнинг аҳамияти, кейинги йилларда олиб борилаётган археологик изланишлар каби мавзуларда сўз борди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга тарихчи-археолог олимдан тўлиқ жавоб олди.

Барно Мелиқулова, ЎзА