Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.07.2018 19:03 Чоп этиш версияси

Тарбияни кечиктириб ҳам, муддатини чўзиб ҳам бўлмайди

Эртамиз эгалари учун мана шундай имконият эшиклари янада кенг очилаётган бир пайтда биз – педагоглар, ота-оналар, умуман, кенг жамоатчилик зиммамиздаги масъулиятни яна теран ҳис қилишимиз зарур.

Президентимиз жорий йил 27 июнда мамлакатимиз тараққиётида алоҳида аҳамият касб этувчи “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Бу тарихий ҳужжатда замонавий билим ва илғор технологияларни пухта эгаллаган, мамлакатимиз келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, қатъий интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш изчил ва барқарор тараққиётимизнинг энг муҳим шарти экани қайд этилди. Фармонда ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда яна кўплаб йўналишлар учун етарли шарт-шароит яратиш, енгилликлар беришга алоҳида тўхталиб ўтилган.

Эртамиз эгалари учун мана шундай имконият эшиклари янада кенг очилаётган бир пайтда биз – педагоглар, ота-оналар, умуман, кенг жамоатчилик зиммамиздаги масъулиятни яна теран ҳис қилишимиз зарур. Зеро, яхши тарбия кўрган, Ватан равнақи ўз тақдирига дахлдор эканини юракдан ҳис этган авлодгина яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланади.

Халқимизда тарбия эскирмайди, тарбия жинс, миллат танламайди, тарбия кутиб турмайди, деган ҳикматли иборалар бор. Шу ўринда “Тарбия тушунчаси ўзи қачон пайдо бўлган?”, “Тарбия ўзи нима?” деган ўринли саволлар туғилади.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида тарбия сўзига бир неча изоҳ берилади. Жумладан, “тарбия” – арабча сўз бўлиб, болани боқиш, таълим бериш ва вояга етказиш учун қилинадиган меҳнат ва ғамхўрлик, иш-ҳунар, одоб-ахлоқ ўргатиш, умуман, кишининг ғоявий ва маънавий қиёфасини шакллантиришга қаратилган таълим тизими экани қайд этилади. Сиёсий тарбия, мактаб тарбияси, ана шундай таълим тизимлари натижасида сингдирилган хислат, фазилат, одоб-ахлоқ, парвариш, қаров, вояга етказмоқ, ўстирмоқ, улғайтирмоқ, илм-ҳунар бермоқ, одоб-ахлоқ ўргатмоқ каби маъноларни билдиради.

Тарбия жараёнини кечиктириб ҳам, секинлаштириб ҳам, муддатини чўзиб ҳам бўлмайди. “Бугун чарчадим, фарзандимнинг тарбияси билан эртага шуғулланаман”, “Бу йил уй қураман, ўғил уйлантираман, деҳқончилик қиламан, келаси йилдан бошлаб тарбия билан шуғулланаман” қабилида иш тутиш мутлақо нотўғридир. Тарбиянинг меваси ўша заҳоти сезилмайди. Ушбу машаққатли меҳнатнинг роҳатини кўриш учун вақт талаб этилади.

Оила – биринчи тарбия маскани. Бола, аввало, оилада тарбия топади. Болалар боғчаси, мактаб, коллеж, олий ўқув юртида эса ана шу тарбияга шакл берилади. Афсуски, орамизда боласининг қизиқишлари, орзу-ўйлари, умуман, қандай эҳтиёжи борлигини билмайдиган ота-оналар ҳам йўқ эмас.

Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган нақл бор. Ота уйга ҳар куни маст ҳолда келса, нимани гапираётганини ўзи англамаса, сигарет, нос чекса, ҳали мактабда ўқиётган қора кўзини дўконга ароқ олиб келиш учун юборса... Бу оилада боланинг тарбияси қандай бўлади?

Педагогикада “Оила тарбияси”, деган ибора бор. Оилада ота-она боласига ибрат, намуна бўлиши шарт. Бугун, афсуски, айрим ота-оналар фақат ўзини ўйлашдан нарига ўтмаётгани ачинарлидир. Фарзандлари тақдири, тарбияси билан шуғулланмайди. Болаларини кекса ота-онаси ёки бирор қариндошига ташлаб, қандайдир юмуш – кўп пул топиш билан банд бўлади, баъзан йиллаб ўзга юртларга ишлашга кетади. Фарзандлар ўз ҳолича ташлаб қўйилади...

Яқинда нуроний бир отахон бўлган воқеани сўзлаб берди: эр-хотин мактабда ўқиётган уч бола – икки қиз, бир ўғлини кекса онасига қолдириб, чет элга ишлагани кетибди. Ёши улуғ онахон болаларга имкон қадар кам-кўстсиз тарбия беришга, эгнини бут, қорнини тўқ тутишга, жўнатилган маблағларни ўринли сарфлашга ҳаракат қилади... Орадан тўрт йил ўтиб, ота-она ўзича “бой-бадавлат” бўлиб уйга қайтади.

Бу орада фарзандлар гапга кирмайдиган, кўчадан бери келмайдиган, ўғил сигарет чекадиган, спиртли ичимлик ичадиган бўлиб қолган эди. Қизининг бири турмушга чиқмай, 17 ёшида фарзандли бўлади... Сўнгги пушаймон – ўзингга душман!

Фарзанд тарбиясига етти маҳалла сидқидилдан киришмас экан, давлат томонидан қаратилаётган доимий ва алоҳида эътибор кўнгилдагидек самара бермайди.

Бугун ёшларга ниҳоятда катта имтиёзлар яратилаётганининг қадрига етмоқ керак. Ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаганларга олий ўқув юртларига киришда имтиёз берувчи йўлланма тақдим этилаётгани катта имконият эмасми? Имтиёзли йўлланма олган йигит контракт-тўлов асосида ўқишга қабул қилинса, тўлов маблағининг 35 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тўлаб берилиши-чи? Фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ёшлар ўқишга имтиёзли равишда бюджет асосида қабул қилинмоқда. “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” спорт ўйинлари ғолибларига ҳам олий ўқув юртларига ўқишга тест синовларисиз кириш имконияти берилмоқда.

Дарҳақиқат, беғубор фарзандларимизни дунёқараши кенг, билимли, зукко ва меҳнатсевар қилиб тарбиялашимиз, уларнинг онгини бунёдкорлик ғоялари билан бойитишимиз зарур. Уларнинг спорт билан шуғулланиши, фанларни аъло даражада ўзлаштириши учун, аввало, уйда зарур шароит яратишимиз лозим. Кўзимиз гавҳари бўлган болаларимизнинг кўнглида нима борлигини билиш, орзу-истаклари, ўй-фикрлари билан қизиқиш бурчимиз. Ўртоқлари ким, бўш вақтида нималар билан машғуллигини билишимиз шарт. Ота-оналик масъулиятини унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

Равшанбек Маҳмудов,
Гулистон давлат университетининг ёшлар
билан ишлаш бўйича проректори,
фалсафа фанлари номзоди.

ЎзА
7 153