ЎзА Ўзбек

22.08.2018 11:43 Чоп этиш версияси

Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак

Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак
Кўпинча матбуотда ёшларимиз одобсиз, бетгачопар бўлгани ҳақида ёзилади. Энг кўп мавзу – транспортда катталарга жой бермай ўзини ухлаётганга солаётган ёшлар ҳақида бўлади. Шу каби мақолаларни ўқиганимда “бизнинг ёшлигимизда қариялар соқов эди, энди ёшлар кар” деган ҳикматни эслайман. Ёшларни ҳадеб танқид қилавермай, ўзимиз уларга ибрат бўлишимиз керак эмасми? Ёшларни уришгандан кўра, тўғри маслаҳат берсак самаралироқ бўлади. 

Газеталарда яхшиликни тарғиб қилувчи мақолалар кўпроқ берилиши керак. Чунки, қандайдир фикрни шакллантиришда мана шу каби мақолаларнинг ўрни катта. Бир вақтлар ТВда “Оталар сўзи…” бўларди. Мавзуси доимо деярли бир хил эди. Қишлоқдан келган йигит шаҳарлик қизга уйланади ва амалдор бўлиб кетганидан сўнг онасини унутади. Ёки бўлмасам ўзаро уришиб қолган эр-хотин фарзандларини Меҳрибонлик уйига топширади. Йиғлаб томоша қилардик. Кейин билсам, мана шу каби кўрсатув ва мақолалар қишлоқдаги онани унутса бўлар экан, болаларни Меҳрибонлик уйига топширса ҳеч ким кулмас экан деган фикрларнинг шаклланишига сабаб бўлган экан. Бу ҳам бўлса онг остидаги онгнинг ғолиб чиқишидир.

Танқид ёзиш осон, аммо эзгулик ва яхшиликни тарғиб қилувчи мақолалар ёзиш қийин иш. Журналистлар “танқидий мақола ёздим, кўриб қўйинглар” деб кўкрак керганларидан кўра, яхшилик ва эзгулик уруғини кўпайтиришга хизмат қиладиган мақолаларни кўпроқ ёзса яхши бўларди. Ҳозирча бу каби вазифани саноқли журналистларгина бажармоқда, холос. Шахсан мен телевидениега келинига шилқимлик қилган қайнота мавзусини олиб чиқилишини ҳазм қила олмадим.

Вафо, садоқат ҳақида кўплаб шеърлар, достонлар, қиссалар, ҳикоялар, романлар ёзилган. Бундан кейин ҳам ёзилади. Шу кунгача иккита ҳикояни ўзимча ардоқлаб келаман. Яқинда улар сафига учинчи ҳикоя қўшилди. Ҳикоялар катта бўлгани боис уларнинг қисқача мазмунини келтираман:

Биринчиси. Бир савдогар сафарда юрганида хотинининг юзига яра тошади ва хунуклашиб қолади. Бундан хабардор бўлган савдогар юртига қайтиш чоғида йиқилиб кўр бўлиб қолади. Шу тариқа улар 50 йил бирга яшайди. Кутилмаганда хотини вафот этади. Дафн маросимидан кейин уйга қайтишаётганида кўр савдогарни етакламоқчи бўлган одамга у ўзи кета олишини айтади. Маълум бўлишича, йиллар давомида хотинининг кўнглини ранжитмаслик учун ўзини кўр қилиб кўрсатган экан.

Иккинчиси. Бир йигит қаҳвахонада официантга қаҳва буюртма беради. Қаҳва олиб келинганда шакар ўрнига туз сўрайди. Атрофдаги қизлар олдида уятга қолмаслик учун шўр қаҳвани ичади. Бу қўшни столда ўтирган қизнинг эътиборини тортади. Йигит ўзини оқлаш мақсадида денгиз бўйида истиқомат қилишини, юртини соғинганида шўр қаҳва ичиб туришини айтади. Орада муҳаббат пайдо бўлади ва йигит-қиз турмуш қуради. 50 йил мобайнида хотин эрига юртини эслатиш мақсадида шўр қаҳва тайёрлаб беради. Эр 50 йил тузли қаҳва ичади. Бир куни эр вафот этади, унинг ёнидан хат чиқади. Хатда “аслида ўшанда янглишиб, туз сўраганини, болалиги ҳеч қачон денгиз бўйида ўтмагани” ёзилган эди. Маълум бўлишича, хотинини ранжитмаслик учун 50 йил тузли қаҳва ичган экан.

Яқинда газеталардан бирида “Совға” деб номланган кичик лавҳа ўқиб қолдим. Уни тўлалигича келтираман: “Ўта камбағал бир киши хотини билан ёлғиз яшарди. Бир куни узун сочларга эга бўлган хотини ундан тўғноғичли янги тароқ олиб беришини сўрайди. У ноқулай вазиятда қолди ва иложсиз “йўқ” деб жавоб берди. Эртасига боғичи узилиб, анчадан бери тақилмаётган соатини сотиб, хотини сўраган тароқни олиб беришга қарор қилди. Соат дўконида боғичсиз соат учун озроқ пул беришди. У уйга келиб қўлидаги тароқни хотинига бермоқчи бўлганида, хотинининг калта қилиб кесилган сочини кўриб ҳайрон қолади. Аёл сочларини сотиб, эрининг қўл соати учун янги боғич олган эди. Иккиси бир-бирига кўзлари ёшланиб термилиб қолишди”.

Ҳикоялар ҳақиқатан ҳам ибратли.

Ахир, қачонлардир арзимас сабаб билан хотинидан жаҳли чиққан савдогарнинг “кўзи очилиши”, йигит эса “шўр қаҳва” ичишдан чарчаганини айтиб юбориши мумкин эди-ку. Йўқ, улар мард эди. Улар суюкли рафиқаларининг кўнглига озор етказишни исташмаган. Чунки, олийжаноб эрлар учун аёлига бўлган соф муҳаббати, уларнинг нозик қалбини ардоқлаш ҳар нарсадан устун бўлган. Бор бўлсин чин муҳаббат! Яшасин мард эркаклар!

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
7 780