ЎзА Ўзбек

24.08.2018 18:10 Чоп этиш версияси

Тараққиётнинг янги ва самарали формуласи

Тараққиётнинг янги ва самарали формуласи
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ва юқори суръатда ўсиш тенденциясини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, ислоҳотлар натижаси ва самараси ҳақида биология фанлари доктори, академик Бакриддин ЗАРИПОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Президентимизнинг “...Биз мавжуд ривожланиш суръатлари билан ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларга эриша олмаймиз. Бугун замон ўзгармоқда, унинг талаби, олдимизга қўяётган вазифалари тобора ортиб бормоқда. Вазиятни ўзимиз, ақл-заковатимиз, меҳнатимиз билан ўзгартирмасак, ҳеч ким четдан келиб, бу ишни биз учун қилиб бермайди”, деган даъвати бизни умримизнинг ҳар лаҳзасини сарҳисоб қилишга, юрт учун нима қилдим-у келажак учун қандай ҳисса қўша оламан, деган саволларга жавоб излашга ундайди.

Жаҳон иқтисодиётида кечаётган интеграция жараёни унинг глобаллашувига катта таъсир кўрсатмоқда. Бу, бир томондан, қўшимча қиймат яратишнинг трансмиллий “занжири"ни кўзда тутган ҳолда, иккинчи томондан, ишлаб чиқариш соҳасида ҳам рақобатни кучайтирмоқда.

Президентимизнинг интеграцияга қаратаётган эътиборини бугун Европанинг ривожланган давлатлари юқори баҳоламоқда. Айниқса, юртимизда фан-таълим тизимидаги интеграциялашув жараёни катта анжуманларда тан олинаяпти. Олий таълим муассасалари тизимида амалга оширилган янгиликлар, жумладан, нуфузли хориж университетларининг мамлакатимизда филиаллари ташкил этилаётгани ҳам қувонарлидир.

Агар иқтисодий жиҳатдан энг тараққий этган давлатлар тажрибасига назар ташласак, улар, аввало, илм-фанни ривожлантиришга эътибор қаратганининг гувоҳи бўламиз. Таълим-фан ва амалиёт интеграцияси – тараққиётнинг биринчи асосий шартидир. Малакали кадрларни тайёрлаш тизимида унинг аҳамиятини ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди.

Интеграцияларнинг кичик даражаси мамлакатлар иқтисодиётида янги хўжалик юритиш тизимини шакллантириш йўли ҳисобланиб, ҳамкорликда маҳсулот ишлаб чиқарадиган ва географик яқин бўлган корхона ва ташкилотларни ўз ичига олган кластерлар яратишдир.

Кластерларни шакллантиришдан мақсад шаҳар, туман ва вилоят ичида жойлашган бир хил соҳа корхоналарини ва улар билан ягона технологик занжирда бўлган хизматларни уйғунлаштириш, инновацион ишлаб чиқаришни ташкил этиш асосида рақобатбардош товарлар яратишга йўналтиришдан иборатдир. Бунда аҳолини иш билан таъминлашдек муҳим жиҳат ҳам ўзини намоён этади.

Ўзбекистон пахта-тўқимачилик саноатида кластер тизимини жорий этиш ташаббуси қишлоқ хўжалигини яхлит тизим асосида ривожлантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бу тизим асосида мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида ва академияда фаолият юритаётган олимлар бирлашади. Зеро, кластер орқали турли касб эгалари бир мақсад сари сафарбар этилмоқда.

Шунингдек, бу тизим нафақат енгил саноатни, балки озиқ-овқат саноати, фармацевтика, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби ўнлаб тармоқларни ҳам қамраб олади.

Бугун иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Миллий валютамизнинг эркин конвертацияси, хорижий валютани тижорат банкларидан чекловсиз сотиб олиш ва эркин сотиш имкониятининг яратилиши натижасида давлатимизнинг олтин-валюта захиралари сезиларли даражада ўсди.

Ташқи сиёсат соҳасида хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилди.

Пировардида Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳит яратилиб, чет эллик сармоядорлар ҳуқуқларининг қонуний кафолати мустаҳкамлангани, уларга қўшимча имтиёзлар берилаётгани ишбилармон доиралар фаолиятини рағбатлантирувчи омил бўлмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг ҳар бир ишни амалга оширишда ишонч, дадиллик билан олға қадам ташлаши халқимизга катта умид бермоқда.

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА
4 236