Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 18:58 Чоп этиш версияси

Тараққиётга ёшлар билан тезроқ эришилади

Тараққиётга ёшлар билан тезроқ эришилади Парламент қуйи палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Ёшларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва роли” мавзуcида семинар ўтказилди.

Мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясининг демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар жараёнида ёшлар фаоллигини ошириш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Шу йилнинг 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида яратилаётган имкониятларга қарамай, ёшлар орасида жиноятчилик камаймаётганлиги таъкидланди. Ўтган 6 ой давомида қайд этилган жами жиноятларнинг 30 фоизида ёшларнинг иштироки борлигини алоҳида таъкидлаган ҳолда, бу борада ечимини кутаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш борасида танқидий фикрлар билдирилди.

Яқиндагина қабул қилинган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармон билан тасдиқланган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда ёшларни таълим олишлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратилиши, уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Ушбу вазифалар ижроси доирасида вояга етиб келаётган ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топиши, иш билан таъминланиши, соғлом турмуш кечириши учун муносиб имконият яратиш, муаммоларини ечиш, ҳуқуқ ва эркинликларини тўла амалга ошириши учун етарли шароит пайдо қилишга асосий эътибор қаратилди. Биргина таълим соҳасида қатор янгиликларга қўл урилди.

Мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлаш, ёш авлоднинг умумий ўрта таълим мактабларида чуқур ва пухта билим олишини таъминлаш, ихтисослаштирилган мактаб-интернатларини ташкил этиш, академик лицейлардаги таълим жараёнини тубдан такомиллаштириш, олий ўқув юртларига муносиб номзодларни тайёрлаш ҳамда қабул квоталарини ошириш, таълимда давлат ва хусусий секторнинг фаолият олиб бориши учун кенг имкониятлар яратилди.

Иқтисодиётнинг барча соҳаларини юқори малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида жорий йил олий ўқув юртларига қабул квоталари ўтган йилга нисбатан 10 мингга оширилди, шунингдек, ёшларнинг кундузги, кечки, сиртқи ва махсус сиртқи бўлимларда таълим олишига шароит яратилди. Кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, кейинги йилларда 10 дан ортиқ янги олий ўқув юртлари, айрим олий таълим муассасаларининг филиаллари ва нуфузли халқаро университетлар филиаллари очилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармонига кўра, 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)ларида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси, шунингдек, унинг туман ва шаҳар филиалларининг ташкил этилиши белгиланди. Шунингдек, “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилиши назарда тутилди.

Семинарда таъкидланганидек, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижросини изчил таъминлаш бўйича республика ва ҳудудий Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш комиссиялари ташкил қилингани ва Қонунчилик палатаси депутатлари Республика ишчи гуруҳлари таркибида ҳудудларда фаол иштирок этмоқда.

Семинар якунида фан, таълим, маданият ва спорт соҳасида ёшларга яратиб берилаётган шароитлардан унумли фойдаланиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нурилло Насриев, ЎзА