ЎзА Ўзбек

08.09.2018 13:59 Чоп этиш версияси

“Тараққиёт” танлови – яна бир имконият

“Тараққиёт” танлови – яна бир имконият

“Тараққиёт стратегияси” марказида истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловига бағишланган брифинг ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси проректори Б.Алимов, “Тараққиёт стратегияси” маркази директори А.Бурхонов ва бошқалар танлов ҳақида маълумот берди.

Президентимизнинг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ва бошқа давлат органлари, ташкилотлари тизимида уларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашиш мақсадида ҳар 3 йилда истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови ўтказилади.

– Мазкур танлов салоҳиятли кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда ташкил этилди, – деди Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов. – Танлов ҳар 3 йилда бир маротаба ва 4 босқичда ташкил этилиши назарда тутилган. Танловда қатнашиш истагида бўлган ёшлардан веб-порталга келиб тушган анкеталар ўрганилади. Талабгорлар ақлий салоҳият (IQ-тест), психологик барқарорлик, хорижий тилларни билиши, сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлардан хабардорлик даражаси бўйича онлайн тестдан ўтказилади.

Танловда таянч олий маълумотга ва тегишли соҳада раҳбарлик лавозимида камида уч йиллик иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган (45 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин.

“Тараққиёт” республика танловида талабгорлар 16 та номинация бўйича ўз соҳасидан келиб чиқиб қатнашади.

– Иштирокчиларнинг анкеталари ишчи гуруҳ томонидан ўрганилади. Ишчи гуруҳлари сони ва уларнинг аъзолари таркиби ҳар бир номинацияга тақдим этилган аризалар сонига боғлиқ ҳолда шакллантирилади, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси проректори Б.Алимов. – Номинацияларнинг ҳар бири ўзида бир ёки бир нечта соҳани бирлаштирган. Шу соҳаларга масъул бўлган ваколатли давлат органлари иштирокида танлов комиссиялари шакллантирилди. Уларга раҳбар сифатида, албатта, шу ташкилот раҳбарлари ёки уларнинг ўринбосарлари белгиланди. Ҳозирда белгиланган муддатда танлов комиссиялари ишчи гуруҳи ўз фаолиятини бошлаган.

Танловнинг 50 нафар ғолибига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичининг қолган 150 иштирокчисига эса энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади. Танлов финал босқичининг қолган иштирокчилари тегишли соҳанинг бошқарув кадрлари захирасига киритилади.

Танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази базасида тегишли соҳага оид вазирликлар, идоралар, йирик компаниялар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда олимлар иштирокида ўтказиладиган, ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танловнинг тегишли номинациялари юзасидан стажировка ўташни ўз ичига оладиган “Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури”га мувофиқ уч ойлик ўқув курсларида ўқийди. Сўнгра тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади.

Танловда иштирок этиш учун талабгорлар 2018 йилнинг 1 октябридан 30 октябрига қадар онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин. Танлов ҳақидаги батафсил маълумотни taraqqiyot-tanlov.uz порталидан олиш мумкин.

И.Аҳатова, ЎзА
19 891