ЎзА Ўзбек

11.01.2019 18:35 Чоп этиш версияси

Тараққиёт қонунга ҳурматдан бошланади

“Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармонини ўқиб

Ҳуқуқий саводхонлик, ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият, қонун устувор жамият. Бу тушунчалар яна кун тартибида. Келинг, дастлаб улар нимани англатишини билишга интиламиз.

Сиз маълум бир манзилга бормоқчисиз, аммо қандай боришни билмайсиз. Биладиганлардан сўрайсиз, улар маълумот беради. Бу шунчаки маълумот олиш босқичи. Бу – ҳуқуқий маълумот.

Маълумотингиз билимга айланиши учун сиз ўша маълумот асосида манзилни топиб боришингиз керак. Бир марта борсангиз, кейин эсдан чиқармайсиз ва доим топиб кела оласиз. Бу – ҳуқуқий билим, саводхонлик.

Сўнг сиз манзилга боришнинг қулайроқ усулларини излай бошлайсиз, харитани оласиз, таҳлил қиласиз, йўналишларни ўрганасиз. Мана бу йўлдан юриш мумкин эмас, тақиқланган. Буниси очиқ экан, шу йўлдан борсам, яқинроғу аммо йўл ҳаракати қоидаларини бузар эканман, дейсиз. Бузсангиз, қандай жавобгарликка дучор бўлишингизни ҳам биласиз ва жавобгарликни ҳис қилиб, қинғир йўлни танламайсиз. Яъни, сиз билимдан онгли равишда фойдалана бошлайсиз. Бу – ҳуқуқий онг.

Фақат жавобгарликдан қўрқиб эмас, онгли равишда тақиқланган йўлдан юрмасангиз, қоидалар сизнинг ва омманинг фойдасига ишлашини англаб, уларни ҳурмат қилсангиз, айни муддао. Бу – ҳуқуқий маданиятдир.

Ҳуқуқий маданият йўқ жойда фақат қонунларни ўргатиш ёки жавобгарлик билан қўрқитиш орқали ҳуқуқий нигилизмга барҳам бериш мумкин эмас, қонун устуворлигига эришиб бўлмайди. Демак, тараққиётга тўсиқ бор.

Шу сабабли ҳам бугун юксак ҳуқуқий маданият миллий ғоя даражасига кўтарилаяпти. Яқинда қабул қилинган Президент Фармонининг мазмуни, мақсади ва аҳамияти ҳам ана шунда.

Демак, биз ўз ҳуқуқий маданиятимиз даражасини танқидий баҳолаб, муаммоларимиз сабаби аслида шу ерда эканини англашимиз керак.

Президент Фармонига 88 бандлик “Йўл харитаси” илова қилинган. Мақсад соҳаларда ҳуқуқий маданиятни яхшилашдир. Чунки баландпарвоз шиорлару нутқлар эмас, реал муаммолар устида қилинган ҳаётий ишлар билан вазиятни ўзгартириш мумкин.

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш дастури бор эди, энди янги чора-тадбирларга не ҳожат дейишингиз мумкин. Ҳа, бор эди. Аммо 1997 йилда қабул қилинган дастур маънан эскирди, бугунги ислоҳотлар талабига, дунёқарашимиз мезонига жавоб бермай қолди.

Оддий мисол, мактаб ёки лицей-коллежларда ўтиладиган ҳуқуқшунослик дарсида қай биримиз фуқаролик паспортини вақтида олмасак, жарима тўлашимиз мумкинлигини ўрганганмиз? Ёки солиқ тўламаслик жиноят эканини ўқитувчиларимиз айтишганми?

Бизга Конституция неча бобдан иборатлиги, парламент нималиги, у ерда нечта одам ўтиришини ўргатишади. Конституция кунига шеър ёдлардик, қўшиқ айтардик. Бироқ конституцион ҳуқуқларимиз бузилса, қаерга мурожаат қилишни билмас эдик. Яъни, кундалик ҳаётимизга, турмушимизга, тақдиримизга дахл қилувчи ҳуқуқларимиздан амалда фойдаланишни ўргатишмаган.

Эндиликда Фармон билан мактабларда ҳуқуқ дарслари учун янги авлод дарсликларини яратиш ва ҳуқуқий таълим дастурини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.

Қонунлар ишлаганда самара беради. Бошқа томондан эса уларга риоя этилса, риоя этилиши талаб қилинса, ишлайди. Бу билан ҳамма ҳуқуқшунос бўлсин, барча қонунларни ёд билиб, талаб қилсин дейилмаяпти, албатта.

Ҳамма, аввало, ўз соҳасидаги қонунларга риоя этсин, қонунни айланиб ўтиш, деган нарсани умуман хаёлидан чиқариб ташласин дейилаяпти. Бу – ички маданият, бу – инсон ривожланишнинг қайси босқичида турганини кўрсатувчи мезон.

Инсоният қотиллик жиноят эканини билганида, бир илдамлади. Бировнинг мулки ва ўз мулки деган фарқни англаганида, яна ўсди. Солиқ тўлаш нима учун кераклигини билиб, тараққиётни тезлаштирди ва ҳоказо.

Хулоса жуда оддий: қонун устувор давлатгина ривожланади.


 


Шаҳноза Тўрахўжаева, ЎзА
1 212