ЎзА Ўзбек

01.06.2018 15:11 Чоп этиш версияси

Тарғибот тадбирлари яхши самара беради

Тарғибот тадбирлари яхши самара беради Тошкент вилоятида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Тарғибот автокарвони” тадбирлари ўтказилмоқда.

Соҳа ходимлари томонидан болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўллардаги ҳолатни қатъий назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, йўлларда содир этилаётган қоидабузарликларни аниқлаш, улар сонини камайтириш борасида мунтазам профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.

Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари, Ўзбекистон мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, “Автомотоҳаваскор” жамияти ҳамда кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда туман ва шаҳарларда ўтказилган “Тарғибот автокарвони” тадбирларида йўл-транспорт ҳодисасининг келиб чиқиш сабаблари, ҳайдовчи ёки пиёданинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслиги туфайли салбий оқибатлар билан якунланаётган ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирларда мутахассислар томонидан йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган вақтда ҳаракатланиш тартиби, йўл-транспорт ҳодисасининг мудҳиш оқибатлари акс этган видео роликлар намойиш этилмоқда.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
5 632