ЎзА Ўзбек

17.10.2020 Чоп этиш версияси

Тарғибот қарши курашнинг муҳим омили

Тарғибот қарши курашнинг муҳим омили

Навоий вилоятида фаолият юритаётган журналистлар ва фуқаролик жамияти вакиллари учун Европа Иттифоқининг "Марказий Осиё давлатларида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш" лойиҳаси доирасида тинчлик ва барқарорликни асрашга қаратилган сифатли материаллар тайёрланишига эришиш мақсадида "Зиддиятли вазиятларда журналистика" ҳамда "Терроризм ва экстремизм масалаларининг ёритилиши" мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Терроризм ва экстремизм энг хатарли жиноят ҳисобланиб, бутун дунёда тинчлик ва осойишталик, хавфсизлик ва барқарорликка хавф солувчи таҳдидлардан биридир. Бугунги кунда бутун дунёда халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш борасида тарғибот ишлари кучайтирилиб, унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки кенг жамоатчиликнинг асосий вазифаларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланади.

photo_2020-10-17_15-08-39.jpg

Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ОАВларда ва ижтимоий тармоқларда контент яратиш усуллари, терроризм ва зўравон экстремизм масалаларини таҳлил қилишнинг ички механизмлари ва усуллари, мавзуни ёритиш орқали аҳолининг медиа саводхонлигини оширишга хизмат қилувчи материаллар тайёрлашда зарур амалий кўникмаларни шакллантириш хусусида сўз юритилди.

– Бугунги кунда дунё ҳамжамияти тараққиётига хавф солиб турган терроризм ва зўравон экстремизмнинг моҳиятини ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тўғри талқин этиш ва тарғиб қилиш муҳим масалалардан бири саналади, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов. – Ушбу семинар-тренингда терроризмга қарши курашиш йўллари, экстремизм ва радикализмдаги диний жиҳатлар, экстремистик гуруҳлар ва уларнинг “тузоққа тушириш” услублари, мамлакатимизда терроризм ва экстремизмга қарши курашишнинг қонуний асослари ҳақида сўз юритилди.

photo_2020-10-17_15-08-35.jpg

Шунингдек, тренерлар – ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти Наргис Қосимова ва журналист Муҳайё Саидовалар мавзу доирасида терроризим ва экстремизмни ёритишда фактларни суриштирувнинг ўрни: таъқиқлар, образлар ва стереотиплар, фейк хабарлар, факт-чекинг усуллари тўғрисида журналистларга маълумот берди.

Тадбирда Навоий вилояти ички ишлар бошқармасининг катта тезкор вакили Жавлон Бекпўлатов, Навоий шаҳар бош имом хатиби Дилшод Эргашев иштирок этиб, терроризмга қарши кураш бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди ва журналистларнинг саволларга жавоб берди.

Тренингларнинг терроризм ва зўравонлик мавзуларини ёритиш масалалари бўйича янги фактлар ва видеолавҳаларни ўз ичига олган янги сессияси таҳлилларга бой бўлди.

1 521
Абдували БЎРИЕВ, Сирож АСЛОНОВ (фото), ЎзА