ЎзА Ўзбек

28.07.2018 13:42 Чоп этиш версияси

Танзила Норбоева ФҲДЁ тизимининг аввалги фаолиятини танқид қилди

Танзила Норбоева ФҲДЁ тизимининг аввалги фаолиятини танқид қилди
Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан мамлакатимизда хотин-қизларга алоқадор бир қанча масалалар, бу борада амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилган эди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева нутқида ФҲДЁ тизимининг аввалги фаолиятини танқид қилди.

‒ Олдин ФҲДЁ идоралари никоҳдан ўтиш истагини билдирган ёшлар аризасини қабул қилиб, уларни тиббий кўрикдан ўтиб, бир ойдан сўнг келинглар, дерди, шу билан ҳеч кимни иши йўқ. Бориб тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотномаларини олиб келгандан сўнг “папка”сига тикиб қўяди, шу билан ўзининг вазифасини бажарди. Ёшларга тўйхонадами ёки ФҲДЁ уйидами, чиройли гапларини айтиб, никоҳ гувоҳномасини топширарди. ФҲДЁ мудирасининг вазифаси шу билан тугар эди. Хотин-қизлар қўмитаси ва ФҲДЁ ходимлари бир-бирини танимайди. Онда-сонда тадбирлардагина салом-алик, жойи келса, бир-бирини менсишмасди ҳам. Лекин бу икки ташкилотнинг мақсади битта-ку! Қани оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар? Қани ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш? Фуқаролик ҳолатларини ўз вақтида қайд этиш керак экан, қани уларни биргаликда ҳал этиш? Улар буни ҳеч ҳам қилмаган.
 
Биз ҳафталаб, ойлаб туманларни ўргандик, уйма-уй юрдик. Кўпгина маҳаллаларда никоҳи қайд этилмаган оилалар яшамоқда. Улар кўчадан бир-бирини топиб яшамаяпти, биргаликда тўй қилишган. Лекин қонуний никоҳдан ўтиш масаласига эътибор қилмаган. Натижада кўплаб муаммолар юзага келмоқда. Ҳатто 7 ёшли боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқлиги ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлдик. Оталикни белгилаш, ёлғиз оналар каби масалаларда ҳам муаммолар кўп. Бу борада ким ишлаши керак? Биринчи навбатда, маҳалла, профилактика инспектори, хотин-қизлар билан ишлайдиган мутахассислар. ― деди Танзила Норбоева.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 2 февралдаги Фармонига мувофиқ, Адлия вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг 2018 йил 1 апрелдан ФҲДЁ органларини, уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинган эди.

И.Аҳатова, ЎзА
4 259