ЎзА Ўзбек

27.07.2018 18:25 Чоп этиш версияси

Танзила Норбоева: “Эндиликда аёллар ҳуқуқини жамоатчи ҳимоячи тарзида ҳимоя қиламиз”

Танзила Норбоева: “Эндиликда аёллар ҳуқуқини жамоатчи ҳимоячи тарзида ҳимоя қиламиз”
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси каттақўрғонлик таҳқирланган аёл воқеасига муносабат билдирганида шундай деди. 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан мамлакатимизда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларни турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилят ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби бир қатор бошқа масалалар, бу борада амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. 

Матбуот анжуманига раҳбарлик қилган ва нутқ сўзлаган Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева маърузасида Каттақўрғонда ИИБ ходими томонидан таҳқирланган аёл воқеасига ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

“Каттақўрғонлик таҳқирланган аёл воқеасига сабаб сифатида тизимдаги муаммо эмас, балки ИИБ ходими тарбиясизлиги, аёлларга бўлган нотўғри муносабатини айтиш мумкин. Шу боис у бундай ишни қилаётганида ўз онаси ёки қизини ҳам кўз олдига келтирмади. Ўзбекистон Хотин қизлар қўмитасида янги амалиёт жорий этилди. Эндиликда аёллар ҳуқуқини жамоатчи ҳимоячи тарзида ҳимоя қиламиз. Каттақўрғонлик ИИБ ходими томонидан таҳқирланган аёл иши юзасидан ўтказиладиган суд ишида ҳам қўмитамиз жамоатчи ҳимоячи тарзида иштирок этади. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан ҳам ҳамкорлик меморандуми имзолаш арафасидамиз. Бу орқали биз ҳар бир судланаётган аёллар ишида ҳимоячи сифатида қатнашишни мақсад қилганмиз ва уларни қонун доирасида ҳимоя қиламиз. Уларни кафилликка олиб, ҳаётда тўғри йўлга юриши, ўз ўрнини топишига кўмаклашамиз, назорат қиламиз”, деди Т.Норбоева. 

Инобат Аҳатова, ЎзА
4 482