ЎзА Ўзбек

26.07.2018 19:35 Чоп этиш версияси

Тансиқ ва танқис неъмат шукронаси

Тансиқ ва танқис неъмат шукронаси
Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорини ўқиб...

Қарорни ўқир эканман шу онда истиқлол ва унгача бўлган йўл ҳақида чуқур хаёлга толдим. Хаёлимдан чалғимаслик учун кўзимни юмиб олдим... Қарорда айтилганидек, “Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистонимиз миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда демократик янгиланиш жараёнлари амалга оширилаётган бугунги кунда биз учун бебаҳо неъмат бўлган мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда...”

1997 йил 7 январь: “Умид” ва 800 талаба

china_6.jpg

Ҳеч нарсага осонликча эришиб бўлмайди. Ҳар бир юмушнинг ечимидан кўра, тўсиғи бўртиб туради. Бундан бир неча йиллар илгари мамлакатда сиёсий-иқтисодий ҳолат ғоят танг, сабру бардош ҳар лаҳзада синовдан ўтиб турган давр. Ҳамманинг ғалваси ўзига етарли. Йиллар қувонч билан бирга ташвишларни юзма-юз қилади. Бундай вазиятда ҳар қандай қарор қабул қилиш кўп мулоҳаза талаб қилади.

Ана шундай машаққатли дамларда Биринчи Президентимиз кўпинча одилона тўхтамга келганини бугун ҳаёт исботлаб турибди...

Ўтган аср сўнггида ишонч тоғ қадар юксалиб оламга юз тутди. 800 нафар ёш авлод вакили хорижда билим олишга жўнатилди. Шунчаки, эмас, минг машаққатлар эвазига жўнатилди. "Умидли"ларни хорижда ўқитиш учун Биринчи Президентимиз 1997 йил 7 январда қатъий туриб айтган эди: “Мана шу ёшларни чет мамлакатга юбориш учун пул топаман, валюта топаман, бу болаларни жўнатаман...”

Орадан йиллар ўтиб, 1999 йилда АҚШга ташрифи чоғида талабалар билан учрашувда эса давлат раҳбарининг даъватидан қароғимга ёш қалққани чин: “Ишонаман, мана шундай ҳаракатлар, албатта, ўз самарасини беради, сиздай ёшлар бор экан, Ўзбекистоннинг келажаги порлоқ...”

Айнан шу маҳалда менда ҳам мақсадлар якдиллашиб – ким бўлиш, қаерда ўқиш каби саволлар деярли ечимини топган эди. Кутубхона ва репититордан қадами узилмай қолган ўспирин учун давлат раҳбарининг ака-опаларимга билдирган ишончи менга нафақат далда, балки ғайрат-шижоат ҳам бағишлаганди. Баъзан шундай эътибор бўладики, инсоннинг юриш туришини, ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборади.

Яна ўша қарорга мурожаат қиламиз: “Ўтган давр биз учун ғоят муҳим бир ҳақиқатни такрор ва такрор тасдиқлаб бермоқда. Эркин ва фаровон ҳаётимизни, буюк келажагимизни фақат мустақиллик асосида қуришимиз, одамларимиз, эл-юртимизни фақат мустақил сиёсат асосида рози қилишимиз мумкин. Фақат мустақиллик бугунги ва келгуси авлодлар учун мисли кўрилмаган имкониятлар очиб беради...”

Шаҳидлар хотираси... 1999 йил 30 август...

shahid.jpg

Кўзимни юмиб ортга тисариламан. Кун тафти ер бетига ёйилиб, атрофни ёндиргудек қиздира бошлаган, шовқин, беҳаловат ҳаёт саси эса элас-элас қулоққа чалинади. Сўлғин кайфият яна қай томонгадир от солмоқда. Хайрли таассурот тилаб, иш столига ўтираман...

Биномиз баланд. Бояги манзара – юртимизнинг сон-саноқсиз довюрак жигарбандлари ном-нишонсиз кўмилган, ҳозир обод зиёратгоҳга айлантирилган жой олисдан кўзга ташланади. Мажмуанинг очилиш маросимида Биринчи Президентимиз шундай эзгу сўзларни таъкидлаган эди: “Ўтганлар олдида қарзимизни адо этдик... Савобли ишга ким қўл урган бўлса, эшитсин, албатта, қайтади”. Шу видеолавҳани қайта-қайта томоша қилдим. Шукроналик ва қатъият акс этган беғубор онлар қайдномаси... Келинг, шу фурсатда яқин ўтмишда кечган воқеага юзланайлик.

...Автобусдан тушдик. Катта ва гавжум шаҳар. Атрофда қурувчилар тиним билмай ишламоқда. Она тили ва адабиёти ўқитувчимиз шовуллаб оқаётган каналнинг бир четига бошлади. Узоқ сукут сақлаб турди. Офтобда қорайган юзлари негадир нурлангандек туюлди менга. Қотмадан келган, тепа сочи сал сийраклаган, қиррабурун, кўзойнак таққан устозимиз нималарнидир унсиз пичирлай бошлади. Кейин қўлларини дуога очиб, жадид ёзувчиларни номма-ном санаб, уларга охират ободлигини тилади. Ҳайратда қолганимизни пайқади чамамда, тушунтира бошлади. Бу бундай, у ундай... Мустақиллик – бу, қурбонлар деганидир, деди оҳиста.

Шундан буён эркинлик ҳақида сўз кетса, бизни ўзга оламга бошлаган устозимнинг самимий сўзлари қулоғим остида тез-тез такрорланади. Ўшанда Тошкентга келиб, дастлаб кўзимиз тушган манзил – Шаҳидлар хотираси мажмуаси. Бу ерда қурилиш кетаётган экан. Орадан йиллар ўтди, ҳар гал йўлим шу тарафларга тушса, албатта, бир кириб ўтаман. Бу одатга айланган. Балки адабиёт ўқитувчимизнинг хотираси ҳурматидир... Ўшандан кейин ўқиб, ўрганишлар давомида шунга яна бир карра амин бўлдимки, мустақилликни бизга ўтган аср аввалидаги аждодларимизнинг улкан жасорати, сўнмас қалб ҳарорати ҳам тақдим этган экан. Тўғри, баъзан қонуний асос биринчи даражага чиқади. Лекин бундай олий мақсадни кўнгилларга улашган жадидлардек фидойи жафокашлар эмасми?! Қонуний асосларнинг йўли бир ён экану бу бир ён экан. Шунинг учун ҳам 31 августни Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонлаш эзгу анъанага айланди.

Президент қароридан: “Шу маънода, мамлакатимиз истиқлолини, у билан боғлиқ тарихий сана ва воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур англаш ва қадрлаш, ҳар томонлама муносиб нишонлаш ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётимизда алоҳида муҳим ўрин тутади...”

Янги ўзбек цивилизацияси

Тинчлик, эркинлик ҳақида қандай далилларни келтирай. Айтинг! Энг ишончли далил – бу менинг қалбим. Чиндан ҳам шундай эмасми? Уни жонсиз, сохта, пуфлаб шиширилган мутахассис маълумотлари билан бойитиб, кимнингдир бошини қотиришдан йироқман. Ўрни келганда қайсидир сана, бошқалар фикридан иқтибос келтирарман. Лекин бу бошқа масала. Мустақиллик борасида, умуман, нима қораласам ҳам мен англаганимни, юрак-юракдан нимани ҳис қилсам, ўшани оққа кўчиришга қарор қилганман... Тўғри, ёзаётганим қанақадир тартибларга, измларга тушмас. Аммо қалбда жўш урган туғённи беўхшов қарамликка ем қилиш иддаосида эмасман. Бу эскартма.

Мустақиллик – инсон учун ҳамма нарса! Кимгадир буни изоҳлаб бериб бўлмайди.

cdf898.jpg

Аждодлар бу неъматни деб бошини беҳуда кундага қўймаган. Ахир ҳурликдек бетимсол қадрият ҳамиша кишилик жамиятида олий даражада эъзозланган. Беш-ўн йил илгари оилам билан ижарама-ижарама пойтахт кўчаларида сарсон кезинганмиз. Нега шундай бўлган биласизми?! Кейинчалик ўйлаб, бу тўхтамга келганман. Бизга – оиламга эркинлик етишмасди. Ягона сабаб шу. (Ижарадорлар ўтирсанг ўпоқ, турсанг сўпоқ, деявергандан сўнг яшаб бўладими. Остонаси тиллодан бўлса ҳам, бор-э, деб юборасиз-да. Бўлмаса, уй эгалари узоқда туришади. Ҳеч бўлмаса дам олиш куни хотиржам ўтишини сўраб Яратгандан ўтинганим кечагидек эсимда. Ҳасрат қилаяпти, деб ўйламанг. Шунчаки, мавриди келди, холос.) Кўраяпсизми, мўъжаз оиланинг хотиржамлигида ҳам эркинлик билан узвий боғлиқлик бор экан-а!

Болаликдан таниш манзара

Худди шунақа: эркинлик тансиқ ва танқис неъмат. Яқинда бир видеоёдномага кўзим тушди. Унда таниқли олим, тарихчи-сиёсатшунос Н.Жўраев хотиралари билан ўртоқлашди: “Мустақиллик, Ўзбекистон ва Ислом Каримовни бир-биридан ажратиб бўлмайди... Бу яхлитлик тарихга кирди... Ўтиш даврида айрим камчиликлар бўлди, бу – табиий. Лекин бу камчиликлар ҳаммамизники, бир одамники эмас эди-да энди... Шукрки, барча камчиликлар тарихий ютуқларимиз соясида қолиб кетди. Ўзбекистоннинг янги цивилизациясини халқимиз учун Ислом Каримов бошлаб берди. Бу китобий, баландпарвоз гап эмас... У инсон янги ўзбек цивилизациясини бошлаб берган буюк шахсдир...”. Мана, мустақилликнинг негизи, ўқ илдизи қаерда?!

Ҳадемай бахтимиз ва толеимиз қаҳкашони мустақилликнинг 27 йиллик байрамини нишонлаймиз. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоқда яшаётган яхши ниятли инсон борки, табаррук байрамга ўзгача севинч, ўзгача қувонч, қолаверса, ўзгача ғурур, ўзгача ифтихор билан пешвоз чиқади. Негаки, халқимизнинг беғубор тилаклари айнан Истиқлол туфайли ижобат бўлди. Яна Президент қарорига юзланамиз: “Халқимизнинг асрий орзуси бўлган, Ватанимизнинг неча минг йиллик тарихида мутлақо янги саҳифа очган, мамлакатимизни халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирган Ўзбекистон мустақиллиги...” ҳамиша эл ардоғида. Мустақиллик азалий қадриятларимиз, поймол бўлган урф-одатларимиз, мудраб ётган анъаналаримизнинг қайта қад ростлашига замин яратди. Такрор бўлса-да айтиш жоиз, буюк аждодларимизнинг табаррук номлари тикланди, қадимий тамаддунимиз дунё аҳли тамонидан эътироф этилди.

Сўзимни болалигимдаёқ мени мафтун этган шоирнинг қуйидаги ўтли мисралари билан якунласам: “Қадим юртга қайтсин қадим наволарим, Қумлар босиб қуримасин дарёларим. Алпомишга алла айтган момоларим Руҳини шод этай десанг – халқ бўл, элим!.. Дунёга боқ, қадди сендек ким бор яна, Довруғи ҳам дарди сендек ким бор яна. Халқ бўлишга ҳадди сендек ким бор яна, Мозийни ёд этай десанг – халқ бўл, элим...”.

Ғайрат Ширинов, ЎзА
5 212