ЎзА Ўзбек

25.07.2018 19:17 Чоп этиш версияси

Таносил касалликларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий кўриклар нега ўтказилмаяпти?

2016 йилнинг 7 ойи мобайнида фоҳишалик билан шуғулланган 1 минг 875 нафар шахс тери-таносил касалликлари диспансерларига мажбурий жойлаштирилиб, уларнинг 983 нафарида ёки 52,4 фоизида юқумли таносил касалликлари аниқланган.

Парламент қуйи палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида тери-таносил касалликларига чалинган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда уларни даволаш ҳолати атрофлича муҳокама этилди.

Айни пайтда аҳолига дерматологик хизмат кўрсатиш бўйича 13 та республика ва вилоят тери-таносил касалликлари диспансери фаолият кўрсатмоқда. Тиббиёт муассасаларида тери-таносил касалликлари бўйича 1 минг 745 та ўрин мавжуд бўлиб, шундан 75 фоизи вилоят тери-таносил касалликлари диспансерлари қошида, 25 фоизи Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган.

Таъкидланганидек, депутатлар томонидан мамлакатимизда таносил касалликларига чалинган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш, даволаш ҳолати Ички ишлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари мутахассислари билан биргаликда ўрганилди. Маълумки, Ўзбекистон Республикасида таносил касалликларини текшириш, мажбурий даволаш ишлари соғлиқни сақлаш ва ички ишлар вазирларининг 1997 йил 15 майдаги “Хавфли гуруҳга кирувчи шахсларнинг жинсий йўл билан юқувчи касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги буйруғига мувофиқ амалга оширилган.

Аммо, бу амалиёт соғлиқни сақлаш ҳамда ички ишлар вазирларининг 2016 йил 31 августдаги тегишли буйруғи билан бекор қилинган. Шу сабабли ҳозирги кунда таносил касалликларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий кўриклар ўтказилмаяпти, мазкур хасталикка чалинган шахслар тўғрисидаги статистик маълумотлар юритилмаяпти.

2016 йилнинг 7 ойи мобайнида фоҳишалик билан шуғулланган 1 минг 875 нафар шахс тери-таносил касалликлари диспансерларига мажбурий жойлаштирилиб, уларнинг 983 нафарида ёки 52,4 фоизида юқумли таносил касалликлари аниқланган.

Тошкент шаҳар тери-таносил касалликлари диспансерининг 2016 йил 31 августга қадар бўлган фаолияти ўрганилганда таносил касаллигига чалинган шахсларни аниқлаш, диспансерга олиб келиш, уларнинг таъминоти, даволаш учун ётқизиш борасида қатор муаммолар мавжуд бўлиб келганлиги аниқланди. Ҳуқуқий асос бўлмаган ҳолда фуқаро фақатгина тери-таносил касаллиги мавжуд бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахмин билан диспансерга олиб келиниб, уч кун мобайнида текширишдан ўтказиш учун мажбурий сақланган. Бу даврда унга тўрт маҳал овқатланиш, кўрпа-тўшак учун бюджетдан пул сарфлаб келинган.

Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Украина каби хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда, ушбу давлатлар қонунчилигида мазкур касалликка чалинган беморлар суд қарори асосида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши, даволаниши белгиланган. Давра суҳбатида мажбурий тиббий кўрик ва даволаниш ишларининг олиб борилмаслиги натижасида ҳозирги кунда таносил касаллигига чалинган беморлар соғлом одамлар саломатлигига жиддий хавф туғдираётгани айтиб ўтилди.

Ушбу касалликнинг ижтимоий хавфи юқорилиги сабабли бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, жумладан, “Таносил касалликларининг профилактикаси ва даволаниш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши, ҳозирги кунда республикамизда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган, аҳолининг соғлиғи, келажаги учун хавфли бўлган таносил касалликларини мажбурий даволашга, унинг тарқалишининг кескин олди олинишига хизмат қилади.

Нурилло Насриев, ЎзА
3 950