Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 15:42 Чоп этиш версияси

Таниқли актёр билан учрашув

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 320-умумтаълим мактабида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг ташаббуси билан «Театр актёри ва ёшлар» мавзуида ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 август куни мамлакатимизнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувидаги маърузасида илгари сурилган устувор мақсадларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёшларнинг таълимга, китобхонликка ва театрга қизиқишини ошириш, бу борада театр актёрларининг ролини фаоллаштириш мақсадида уюштирилган мазкур тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев иштирок этди.

Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, юксак салоҳиятли инсонлар қилиб тарбиялаш, уларнинг қалбига ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуларини сингдириш, иқтидор ва истеъдодини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратишга қаратилаётган доимий эътибор ўз самарасини бераётгани, ёшларимиз илм-фан, санъат, маданият ва спорт соҳаларида улкан ютуқларга эришаётгани таъкидланди.

Ёдгор Саъдиев ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

– Бугунги болаларга ҳавас қиламан, – дейди Ёдгор Саъдиев. – Улар истиқлолнинг фарзандлари, эркин ва бахтли Ватаннинг ёшлари. Уларга яратилган шароитлару имкониятлардан оқилона фойдаланса, ҳар қандай юксак маррани забт этишга қодир. Ана шундай ёшларимиз кўп ва улар билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди.

– Театр, кино соҳасига қизиқаман, – дейди мактабнинг 9-синф ўқувчиси Муаззам Қодирова. – Бугунги тадбир давомида Ёдгор Саъдиевнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисидаги ҳикоялари, ибратли ҳикматлари бизда катта таассурот қолдирди. Бундай ижодий учрашувлар олаётган таълим-тарбиямизни янада кенгроқ ва янада теранроқ эгаллашимизга кўмак беради.

Тадбир сўнгида мактабда сайланган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва унинг қошидаги «Камалак» болалар ташкилотининг сардорларига кўкрак нишонлари топширилди.

Мактаб ўқувчилари томонидан саҳна кўринишлари, куй-қўшиқлар намойиш этилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
2 791






Все о погоде - Pogoda.uz