Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 14:49 Чоп этиш версияси

Танқиддан сўнг вазият ўзгардими? Афсуски, йўқ.

Танқиддан сўнг вазият ўзгардими? Афсуски, йўқ.
ЎзА веб-сайтида Фарғона шаҳрида коммунал тўловларни тўлаш жараёни ҳақида 2018 йил 13 январда “Фототанқид: Фарғоналиклар навбат кутишни яхши кўрадими?!” сарлавҳали материал эълон қилинган эди. Орадан анча вақт ўтди. Хўш, мазкур мақоладан сўнг вазият ўзгардими, муаммолар бартараф этилдими? Бу саволга жавоб топиш мақсадида ЎзА мухбири Фарғона шаҳар газ таъминоти участкасида бўлди.

Мазкур участка 81 мингдан ортиқ аҳоли ҳамда 1 минг 187 улгуржи истеъмолчиларга хизмат кўрсатади. Участка бошлиғи Дониёр Тешабоевнинг таъкидлашича, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, уларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, бу яхши. Аммо биз бу ерда ҳали-ҳамон истеъмолчилар ҳисоб-китоб ишларини амалга ошириши учун сарсон-саргардон бўлаётгани, узундан-узун навбатлар гувоҳи бўлдик. Бу жараённи уч кун кузатдик. Танқидий мақоладан сўнг ҳам бу ерда ҳеч қандай иш қилинмаган.

Бу ерга ҳар куни 200-250 киши мурожаат қилади. Навбатга ёзилганингиздан сўнг, уч-тўрт соатда ишингиз битиши мумкин.

Фотомухбиримиз бу ҳолатларни тасвирга тушираётган пайтда бир ходимнинг қаршилигига ҳам учради.

–Сизга суратга тушириш учун ким рухсат берди? – дея дўқ қилди.

4.JPG

Мана сизга бу ердагиларнинг ишга, мижозга муносабати. Айни вақтда "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамиятининг тўрт нафар ходими истеъмолчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Улар қўлидан келганча иш қилаётир. Аммо иш меъёри ҳам бор-ку? Бу эса, ортиқча асаббузарликларга сабаб бўлмоқда.

– Табиий газ бўйича тўлов қилмоқчи эдим, –дейди Назиржон Ҳошимов. – 167-рақамда рўйхатга ёзилдим. Қанча одам бу ерда сарсон бўлмоқда. Ахборот технологиялари ривожланган бир вақтда бундай ҳолат шармандалик эмасми?

6 (1).JPG

Биз Фарғона вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалида ҳам бўлдик. "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамиятининг ахборот-коммуникация соҳасини ривожлантириш гуруҳи етакчи мутахассиси Икромжон Хабилов билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, бугунги кунда вилоятда 43 нафар оператор ва муҳандис фаолият юритмоқда. Уларнинг асосий вазифаси соҳага ахборот технологияларини олиб кириш, дастурлар яратишдан иборат экан. Аммо улар бу вазифа қолиб, истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб қилиш ишларига жалб этилган. Штатлар камлиги боис жойларда истеъмолчиларнинг узундан-узун навбатлари юзага келмоқда.

7 (1).JPG

Айбни у ёки бу идорага ағдариш муаммога ечим бўлмайди. Раҳбарларнинг осмонда юрадиган пайти ўтди. Бугун улар аҳоли билан юзма-юз бўлиб, муаммоларини амалий ҳал этиши керак. Агар шундай бўлганида, одамларнинг ортиқча оворагарчилиги, ҳақли эътирозлари барҳам топган бўларди. Яна бир гап, мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ҳам бу каби масалаларга эътибор қаратса, яхши бўларди.

Мавзуга яна қайтамиз.

Telegram-UzA.jpg

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА
10 128