Таълим учун барчамиз жавобгар(ми?)!
Бутун дунёда кечаётган синовли даврда ҳукуматлар билан бир қаторда жамиятнинг ҳар бир аъзоси ҳам муҳим роль ўйнаши билинди.
Бутун дунёда кечаётган синовли даврда ҳукуматлар билан бир қаторда жамиятнинг ҳар бир аъзоси ҳам муҳим роль ўйнаши билинди.
Коронавирус пандемияси барча соҳаларда етарлича камчиликларимиз мавжудлигини кўрсатди. Айниқса, мамлакатдаги таълим соҳасидаги камчиликларимиз яққол намоëн бўлди. Масофадан туриб таълим бериш қанчалик самара бериши нафақат устозларга, балки ўзимизга (ота-она сифатида) ҳам боғлиқ эканлигини сездик. Олий таълимда эса талабаларнинг мустақил таълими муҳимлиги ҳам билинди. Техник имкониятлардаги камчиликлар, ўқитувчиларнинг онлайн тарзда дарс ўтишга мослашишга қийналгани бир томон бўлган бўлса, талабаларнинг интернетга улана олмаслиги, айрим ҳолларда оддий ялқовликлари туфайли ҳам таълим сифати одатдагидан ҳам пасайди.
Бу реаллик, уни тан олмай ўзимизни алдашдан фойда йўқ!
Таълим соҳасидаги мутахассислар ишларидан норози бўлаëтганимиз тушунарли. Шунча камчиликлар турганда ишдан қониқмаймизда. Лекин бу соҳадаги ўзгаришлар борасида фикримиз бўлса шуни таклифга айлантирсак қандай бўларкан? Тегишли вазирликлар таклифларга очиқмиз дейишяпти, берилган таклифларни инобатга олиб татбиқ қилишгаям ҳаракатлар бўляпти. Камчиликлар нимадалагини деярли билиб бўлдик. Энди уларни қандай самарали бартараф этиш борасида бирлашмасак бўлмайди!
Таълимни бошқарув шаклига эътирозингиз борми, муқобил бошқарув тизимига оидми ëки бошқарувни янада самарали қилиш ҳақидами, кичикроқ таклиф беришга нима дейсиз? Мактаб директорлари фаолияти, уларни тайинлаш ҳақидаям таклифга айланадиган фикрлар борми? Марҳамат! Бу сизнинг тизимга бефарқ эмаслигингиз ва унинг ривожига қўшган ҳиссангиз бўлади.
Яқин йилларда олий таълим муассасаларимиз молиявий жиҳатдан мустақил бўлади. Бу борадаям фикрларингиз бўлса биз билан баҳам кўринг. Умуман, олий таълим тизимимизни қандай кўришни истайсиз?
Сиз жамиятнинг бир бўлаги сифатида ўз истагингизни билдиринг ва ишонамизки, бу бесамар бўлмайди!
Сиз таълим соҳасидан йироқ бўлган тақдирингизда ҳам фарзандингизнинг таълим олишига бефарқ эмаслигингизга ишонамиз ва таклифларингизни кутиб қоламиз!
Ғолибжон Ботиров,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг
В.И.Романовский номидаги математика институти директори ўринбосари