Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 19:37 Чоп этиш версияси

Таълим тизими: эътибор ва ислоҳотлар

Халқаро пресс-клубда “Таълим соҳасидаги туб ислоҳотлар даврида ижтимоий масъулият ва муаммоларнинг замонавий ечимлари” мавзусида навбатдаги сессия бўлиб ўтди.

Халқ таълими вазири Ш.Шерматов, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари М.Холмуҳамедов, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари М.Нурматова ва бошқа соҳа мутахассислари мавзу юзасидан маълумот берди.

Тадбирда узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг сифатли таълим бериш малакасини ошириш, шу орқали меҳнат бозорининг замонавий талабларига мувофиқ барча соҳаларга кадрлар тайёрлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар муҳокама этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг ягона мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурийлиги белгиланди. Мутахассислар томонидан умумтаълим муассасаларига мактаб формасида келишнинг афзалликлари, бола организмига таъсири ва шу каби кўплаб жиҳатлари хусусида фикр билдирилди.

Тадбирда қатнашган ота-оналар ва шифокорлар ҳам мактаб формасининг белгиланган стандартларга, санитария қоидалари ва гигиена нормаларига мувофиқ эканини айтиб ўтди.

Шунингдек, бугунги кунда пойтахтимиздаги айрим умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг дарсга келиш ҳолати тасвирланган суратлар намойиш этилди. Унда кўчаларда автотранспортнинг тирбандлигига қарамай, болаларнинг эътиборсиз ҳаракатланаётгани акс этган. Соҳа ходимлари ҳудудлардаги бу каби кўплаб муаммоли ҳолатларни тизимли равишда ўрганиб, зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

А.Мусаев, ЎзА