Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

04.08.2018 19:43 Чоп этиш версияси

Таълим-тарбия борасидаги эзгу ишларга виждонан ёндашиляптими?

Таълим-тарбия борасидаги эзгу ишларга виждонан ёндашиляптими?

Ёзги таътилнинг сўнгги ойи ҳам бошланди. Янги ўқув мавсумида мактаблар ва уларнинг атрофи обод бўлса, синфхоналар таъмирланган, дарс ва машғулот ўтишга тайёр турса, ўқувчи ҳам ана шундай кайфиятда мавсумни бошлайди. Хўш, барча билим масканлари ҳам янги ўқув йилига тайёрми? 
Шу ўринда Халқ таълими вазирлиги тақдим этган статистик рақамларга мурожаат қилсак. Унга кўра, республикамиздаги мавжуд 9628 та мактабнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан режа-график ишлаб чиқилган бўлиб, 1 август ҳолатига кўра, мазкур таълим муассасаларининг 6828 таси янги ўқув йилига тайёр, 2800 таси эса тайёр эмас, деб топилган. 
Эътибор беринг, агар 2800 та мактаб ҳали ўқишга шай бўлмаса, янги ўқув йили 10 минглаб ўқувчилардан ремонтга пул йиғиш билан бошланадими? Бу ёқда кимга чиқим – ота-онага чиқим. Вазиятни ҳудудлар асосида кўрадиган бўлсак, Фарғона, Навоий, Сурхондарё, Тошкент ва Наманган вилоятларида мактабларнинг аксарияти янги ўқув йилига шай ҳолатга келтирилган. 
Аксинча, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Андижон, Қашқадарё вилоятларидаги мавжуд мактабларнинг ярмидагина ишлар амалга оширилган, холос. 
Мазкур ишларнинг боришида айрим ҳудудий ҳокимликлар ва буюртмачи ташкилотлар томонидан сусткашликка йўл қўйилмоқда. Хусусан, амалга оширилган ишлар режага нисбатан Навоий вилоятида 33%, Сурхондарё вилоятида 36%, Сирдарё вилоятида 38%, Тошкент шаҳрида 44% га бажарилган. 
Бош прокуратура ва ФВВ ҳамкорликда айни йўналишда рейдлар олиб борди. Манзил эса пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани. Шу ўринда айтиб ўтмоқчимиз, шаҳар ҳокимияти томонидан тасдиқланган режа-графикка кўра, 1 август ҳолатига Шайхонтоур туманида 34 та мактаб янги ўқув йилига тайёрлиги кўрсатилган. Аслида-чи?.. 

4.jpeg

ЮЗАКИ ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИ МАКТАБ ЖАМОАСИ ҲИСОБИДАН
Тумандаги 276-умумий ўрта-таълим мактаби. Ўқув биносининг орқа тарафи сувсизликдан қақраб қолган. Мактаб корпуслари бус-бутундек кўринади-ю, аммо синчиклаб қаралса, иншоот авария ҳолатида. 1987 йилда қурилган бу бинонинг пастги қисмидаги ёриқлар худди белбоғга ўхшайди. 
Мактаб мутасаддиларининг айтишича, дарз кетган девордаги мана шу ёриқлардан қишда синфхоналарга совуқ ҳаво кирар экан. 
Мактабда эвакуция схемалари ўрнатилган, аммо захира эшиклари анчадан бери очилмаган. Шундай экан, фавқулодда вазиятларда захира эшиклари бир ҳаракатда, тезкор очилишига ким кафолат беради? 
Синф хоналар, ички коридорлар, деворлар таъмирталаб ҳолда. 
Мактаб директори вазифасини вақтинча бажарувчи аёлнинг айтишича, бир-икки ҳомий шахсларнинг ваъдасига ишонилгани сабаб муассасада жорий таъмирлаш ишлари бажарилмаган. Бу ерда қилинаётган юзаки таъмирлаш ишлари эса мактаб жамоасининг ўз ҳисобидан амалга ошириляпти. 

ЭСКИ ҚУРИЛИШДАН ҚОЛГАН ЧУҚУР 
Шайхонтоҳур туманидаги 141-мактаб. 1953 йилда қурилган бу ўқув муассаси 2013-2014-йилларда капитал таъмирдан чиққан. Жорий тамирлаш ишлари эса давом этмоқда. Мактаб ошхонаси тўлиқ янгиланган. 
Синф хоналарининг ҳолати ҳам қониқарли. Аммо мазкур манзил ҳам камчиликлардан холи эмас. Ўқув биносининг ён тарафида эски қурилишдан қолган чуқур бор. Бу табиийки, ўқувчилар билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. 
Ички йўлакларда фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракатланишни кўрсатувчи эвакуация схемалари жойлаштирилмаган. Аслида, бу каби йўл-йўриқлар синфлардан чиқишда, йўлакларда кўринарли қилиб жойлаштирилиши лозим эди. 

2.jpg

ҚЎШТИРНОҚ ИЧИДАГИ ҲОМИЙЛАР
Шайхонтоҳур туманидаги 167-умумтаълим мактабидага кузатувлар давомида эътиборни тортган нарса мактаб стадиони бўлди. Жисмоний тарбия машғулотлари ўтиладиган майдон ҳолати умуман талабга жавоб бермайди. Бунинг сабаби эса яна ўша қўштирноқ ичидаги уддабурон ҳомийлар билан боғлиқ. Кимларнингдир қуруқ гапига ишониб, юзлаб ўғил-қизнинг таълим-тарбияси-ю шароитига юзаки қараб бўлармикан? 
2007 йилда капитал таъмирдан чиқарилган мазкур мактабда жорий таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Лекин бу иншоот деворларининг ички ва ташқи тарафларида ҳам ёриқлар пайдо бўлган. 
Шунингдек, бино ичига, коридорларга махсус эвакуация схемалари кўринарли тартибда жойлаштирилмаган. Ёнғинга қарши ускуналар носоз ҳолатда. Бу ерда ҳам фавқулодда вазиятларда зарур бўладиган захира эшиклари йиллар давомида очилмагани сабаб тамбалаб ташланган. 

МТМлар АҲВОЛИГА ҲАМ НАЗАР СОЛАМИЗ
Мамлакатимизда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгандан сўнг, тегишли мутахассислар билан республикадаги барча 5240 та МТМнинг аҳволи тўлиқ хатловдан ўтказилди. Натижада уларнинг аксарияти таъмирталаб аҳволда эканлиги, моддий-техник базаси янгиланмагани, аниқланди. Республика бўйлаб амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасида 264 та, “Обод маҳалла” дастури доирасида эса 105 та мактабгача таълим муассасаси тўлиқ таъмирланмоқда. 2018 йилда жами 736 та мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базаси яхшиланиши режалаштирилган. 
Шу ўринда Шайхонтоҳур туманидаги баъзи МТМнинг мавжуд ҳолатига назар солсак. 
7.jpg

ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛДИРИШ ҚАНЧАЛИК ТЎҒРИ?
“Қохота” маҳалласида жойлашган 21-МТМни ташқаридан қараганда худди омборхонага ўхшатиш мумкин. Ичкарига кираверишда жойлашган электрошит ҳам очиқ ҳолатда. Агар бирор бола тасодифан унга тегиб кетса борми?.. 
Боғча биноси 1935 йилда қурилганини ҳисобга олсак, унинг деворлари ва том қисмини мустаҳкам, дейиш амримаҳол. Йўлаклар нотекис, сунъий сув ҳавзасидаги сувни ҳам санитария қоидаларига тўғри келади, деб бўлмайди. 
Муассаса мудирасининг айтишича, маҳалла билан бирга бу боғча ҳам бузилиш рўйхатига тушгани сабаб бу ердага таъмирлаш ишлар тўхтаб қолган. Барибир бузилади деб, боғчани эътибордан четда қолдириш қанчалик тўғри? Ахир бу ерда бир эмас, 60дан ортиқ бола тарбияланишда давом этмоқда. 

ТАМБАЛАБ ТАШЛАНГАН ЗАХИРА ЭШИКЛАР
Тумандаги 84-сонли МТМда ҳам бир қанча камчиликларни кўриш мумкин. Бу ерда болаларга яратилган шароитлар қониқарли бўлгани билан хавфсизлик чораларига эътибор берилмаган. 
Масалан, фавқулодда вазиятларда фойдаланиладиган захира чиқиш эшиклари тамбалаб ташланган. 
Электросимлар очиқ ҳолда турибди. Тепа қаватдан тушган зиналар ҳам таъмирталаб аҳволда. Бино атрофидаги чуқурлар усти ҳам ёпилмаган. 
Ёш авлоднинг таълим-тарбияси-ю хавфсизлиги доимо бирламчи аҳамиятга эга.

8.jpg  

Дарҳақиқат, ҳар бир ўзгариш, ҳар бир ҳаракат эртанги куннинг фаровонлигига хизмат қилади. Айниқса таълим-тарбия борасида эзгу ишларга виждонан ёндашиш, керак бўлса, ҳар бир инсон учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолаверади. 


Бош прокуратура ҳузуридаги ахборот-таҳлил мультимедиа маркази билан ҳамкорликда ЎзА