ЎзА Ўзбек

27.05.2020 Чоп этиш версияси

Таълим соҳасидаги муаммолар ечимини топмоқда

Таълим соҳасидаги муаммолар ечимини топмоқда

photo_2020-05-28_00-03-40.jpg“100 саволга 100 жавоб” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раҳбари Илёсбой Қунназаров билан суҳбатлашиб, таълим соҳасида аҳолини қизиқтирадиган қатор саволларга жавоб олдик.

– Бугунги пандемия даврида Оролбўйида ўқувчиларни масофавий ўқитиш жараёни қандай йўлга қўйилган?

– Жаҳон халқларини ташвишга солаётган коронавирус пандемияси мамлакатимиздаги барча соҳалар каби таълимга ҳам салбий таъсир қилди. Шу муносабат билан жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб барча таълим муассасаларида ўқув жараёни тўхтатилиб, масофавий ўқитиш технологияси жорий этилди. Мамлакатимизнинг барча жойларидаги каби умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, олий таълим муассасаларида онлайн тарзида ўқитиш йўлга қўйилди.

Карантин тадбирлари эълон қилингандан сўнг масофавий ўқитиш тизимини тўғри ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси назоратчи орган эмас, балки ҳамкорлик қилувчи ташкилот сифатида таълим сифатини таъминлаш бўйича халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда асосий эътиборни тренер-ўқитувчиларни тайёрлашга қаратмоқда. 

Қорақалпоғистон Республикасида жами 725 та умумий ўрта таълим мактабида 344 минг нафардан зиёд ўқувчи ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман ва рус тилларида таълим олади. Мамлакатимиз бўйича таълим ўзбек ва рус тилларида олиб бориладиган синфлар учун дарслар Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг тегишли каналлари орқали бепул берилаётган бўлса, Қорақалпоғистон Республикасида таълим қорақалпоқ тилида олиб бориладиган синфлар учун “Қорақалпоғистон” телеканали орқали ҳар куни 3-5 соатлик видеодарс эфирга узатилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида 155 минг 600 нафарга яқин 3-7 ёш оралиғидаги болалар бўлиб, шундан бугунги кунга 96 минг 600 нафари (62 фоизи) 400 та давлат ва 422 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинган. Коронавирус пандемияси даврида улар учун “Болажон” каналида “Илк қадам” ўкув дастури асосида онлайн дарслари ташкил этилган. Шунингдек, Оролбўйида 3 та олий таълим муассасаси ва 6 та олий таълим муассасасининг филиали мавжуд бўлиб, уларда 28 минг 500 нафардан зиёд магистр ва талаба кундузги, сиртқи, махсус сиртқи ва кечки таълим турлари бўйича таҳсил олмоқда. 

Талабаларга масофадан таълим бериш, уларнинг билимини назорат қилиш ва ошкора баҳолаш мақсадида ҳар бир олий таълим муассасасида масофавий таълим платформаси жорий қилинди ва электрон ўқув ресурсларни ишлаб чиқилди. Ушбу платформа орқали ўқув йилининг баҳорги семестрида ўқиладиган фанлар бўйича ўқитувчилар томонидан яратилган ресурслар жойлаштириб борилмоқда.

photo_2020-05-28_00-03-50.jpg

Жорий ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармасига қарашли 72 касб-ҳунар коллежи, Нукус ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати, Нукус маданият ва санъат коллежи, Элликқалъа санъат ва педагогика коллежида 15 минг нафардан зиёд ўқувчи битириб чиқиши кутилмоқда. Уларга 1 минг 100 нафардан зиёд ўқитувчи ва ишлаб чиқариш усталари томонидан интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали масофавий ўқитиш йўлга қўйилди.

– Ҳозирги пандемия даврида педагог кадрларнинг аттестацияси, шунингдек, давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш масаласи қандай ҳал қилинмоқда?

– Педагог кадрларнинг аттестацияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ март-июнь ойларида ўтказилиши режалаштирилган эди. 

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича олий ва биринчи малака тоифалари ҳамда бош ва етакчи ўқитувчи лавозимларига 3 минг 400 нафардан зиёд, шунингдек, иккинчи малака тоифаси ва катта ўқитувчи лавозимларига 4 минг 300 нафардан зиёд номзодни аттестациядан ўтказиш мамлакатимизда эпидемиологик ҳолат барқарорлашгандан сўнг ўтказилади. Шу нуқтаи назардан, амал қилиш муддати тугайдиган сертификатлар муддати жорий йил 31 декабргача узайтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги “Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 186 та умумий ўрта таълим мактабини, 189 та мактабгача таълим ташкилотини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш белгиланган эди. Шундан жорий йил 15 мартгача 73 та умумий ўрта таълим мактаби, 58 та мактабгача таълим ташкилоти аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказилди. Қолганлари юқорида қайд этилганидек, мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлашгандан сўнг ўтказилади.

photo_2020-05-28_00-03-44.jpg

– 2020-2021 ўқув йилида Оролбўйида янгидан ташкил этиладиган касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва техникумлар тўғрисида ҳам маълумот берсангиз?

– Янги ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикасида 23 касб-ҳунар мактаби, 17 та касб-ҳунар коллежи ва 14 та техникум ташкил этиш режалаштирилган. Айни кунларда ушбу касбий таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ҳар бир касбий таълим тури бўйича биттадан намунали касб-ҳунар мактаби, касб-ҳунар коллежи ва техникум ташкил этилади, аммо касб-ҳунар мактаби ўқувчилари учун давлат бюджетидан стипендия ва уч маҳал иссиқ овқат таъминлашга оид тўловларни вақтинча тўхтатиб туриш белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги пандемия давридаги қийинчиликларга қарамасдан давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватлаши билан таълим соҳасида муаммолар босқичма-босқич ўзининг ижобий ечимини топмоқда. Бундан тезроқ чиқиш учун эса соҳа ходимларидан бор имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, карантин қоидаларини қатъий сақлаш ва унга тўлиқ амал қилиш талаб этилади.

ЎзА мухбири Довуд АБИБУЛЛАЕВ суҳбатлашди

2 711
ЎзА