ЎзА Ўзбек

11.01.2019 Чоп этиш версияси

Таълим сифатини баҳолашда Ўзбекистон нега PISA тадқиқотларида иштирок этмоқчи?

Таълим сифатини баҳолашда Ўзбекистон нега PISA тадқиқотларида иштирок этмоқчи?

Бугун мамлакатимизда таълим сифатини баҳолашда янгича мониторинг тизимини халқаро баҳолаш дастурлари ёрдамида аниқлаш ва қиёслашга асосланган тизим шаклланмоқда. Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш, мавжуд тизим билан қиёсий ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, тегишли йўналишдаги халқаро ва хорижий ташкилотлар, агентликлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро лойиҳаларни жорий қилиш, замон талабларига жавоб берадиган муносиб миллий баҳолаш тизимини такомиллаштириш муҳим саналади.

Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 декабрда “Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузурида Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш Миллий марказиташкил этилди.

Энг муҳими, 2018 йил 12 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ўртасида Халқаро талабалар билимини баҳолаш дастурида (Agreement for participation programme for international student assessment (PISA) 2021) иштирок этиш тўғрисида келишувга эришилди. Ўз навбатида, PISA тадқиқотлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак.

PISAтизими бу нима ўзи?Ўқувчиларнинг таълим соҳасидаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур бўлиб, дастурнинг асосий мақсади – 15 ёшли ўқувчи ёшларнинг ўқиш саводхонлиги, математик саводхонлик ва табиий фанлар бўйича саводхонлик даражаларини турли хил тестлар кўринишида баҳолашдан иборатдир. Ушбу лойиҳалар ўқувчи ёшларнинг ижодий ва танқидий фикрлашларига, олган билимларини ҳаётда қўллай олиш қобилиятларига баҳо бериш ва кейинчалик бу кўникмаларни ҳосил қилишга ундашдир.

Ушбу дастур 1997 йилда жорий этилган бўлиб,хар уч йилда бир марта ўтказиб келинади, биринчи марта 2000 йилда ўтказилган бўлиб 43 та мамлакатдан ўқувчи ёшлар ўз билимларини синаб кўришган. Йиллар кесимида оладиган бўлсак 2003 йилда 41 та мамлакатдан, 2006 йилда 55 та мамлакатдан, 2009 йилда 75 та мамлакатдан, 2012 йилда 65 та мамлакатдан, 2015 йилда 71 та мамлакатдан ва 2018 йилда-78 та мамлакатдан ўқувчи ёшлар иштирок этишганини кўришимиз мумкин.

Дастур мамлакатдаги жами 15 ёшли ўқувчи ёшларнинг 3% ни қамраб олади. Ҳар 3 йилда битта фан йуналишига афзаллик берилиб, 2000 йилда илк бор ўқиш саводхонлигига урғу берилган ҳолда ўтказилган.Демак, уч йилда бир маротаба ўтказилишини инобатга оладиган бўлсак 2021 йилда математик саводхонликка урғу берилади.

Савол туғилади, нима учун PISA хар уч йилда ва 15 ёшлилар ўртасида ўтказилади? PISA дастурининг асосий мақсади мамлакатлар ичида таълим сиёсати соҳасидаги қарорлар қабул қилишни қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Уч йиллик цикллар давомида дастурни амалга оширилиши эса ўз навбатида мамлакатларга ўз вақтида ахборот бериш, тегишли дастурларнинг таъсирини таҳлил қилиш учун маълумотларни тақдим этиш имкониятини яратиб беради.

Агарда дастурни ўтказиш даврийлиги қисқа даврларда амалга оширилса, ўзгариш ва янгиликларнинг ривожланиши ёки етарли маълумотларни тўплай олмасликни ва ўз навбатида иш унумдорлигини камайишига олиб келади.

Айнан 15 ёшли ўқувчи ёшлар ўртасида дастурни амалга оширилишини сабаби эса ушбу ёшда аксар иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг ўқувчи ёшлари мажбурий таълимнинг охирги босқичига ўтишади.

Ушбу дастурнинг мукаммаллиги шундаки, ушбу дастур бутун дунё бўйича айнан 15 ёшли ўқувчи ёшларнинг билим ва кўникма даражаларини ўлчовчи ягона дастур бўлиб хизмат қилади.Шунингдек, дастурда қуйидаги масалалар кўтарилади:

Давлат сиёсати масалалари;

Мактаблар ўқувчи ёшларни катта ҳаётга ўтишига муносиб равишда тайёрлай олишяптими?;

Айнан айрим турдаги ўқув дастурлари бошқаларига нисбатан самаралироқми?.

Айтиш мумкинки, ўқувчи ёшлар бутун бир мактаб ҳаёти даврларида ўзлари учун керак бўлган барча билим ва малака кўникмаларини етарли даражада ўзлаштира олишмайди.PISA дастури эса ўқувчи ёшларни нафақат билим ва малака кўникма даражаларини балки уларнинг катта ҳаётга тайёргарлик даражаларини мотивациялаш, ишонтириш ва ўқиш стратегияларини мустаҳкамланишига асос бўлиб хизмат қилувчи дастур ҳисобланади.

Бугунги кунда PISA дастуриPISA бошқарув кенгаши қарори асосида таълим вазирликлари жавобгарлиги остида ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий қилинган дастур асосида ишлаб келмоқда. Кенгаш аъзолиги таркибига барча қатнашувчи аъзо давлатлар ва шунингдек шерикчилик мақомидаги ҳамкор давлатлар киришади. Бугунги кунда ушбу мақомга фақатгина Бразилия сазовордир.Кенгашга аъзо давлатларнинг вакиллари ҳукумат вакиллари ва илмий-педагог ходимлардан ташкил топган.Кенгаш PISA учун сиёсатнинг устувор йуналишларини белгилайди ва амалга ошириш жараёнида ушбу устуворликларга риоя этилишини назорат қилади.

Бу маълумотлар тайёрлаш, таҳлил қилиш ва ҳисобот беришнинг устувор йуналишлари ва стандартларини белгилаш, шунингдек, PISAни амалга ошириш учун асос бўладиган иш ҳажмини аниқлашни ўз ичига олади.2000-2015 йиллар оралиғида ўтказилган тадқиқот натижалари бизга шуни кўрсатдики, бугунги кунда Шарқий Осиёда- Хитой, Корея, Сингапур, Япония, Европада-Финляндия,Эстония, Швейцария, Польша ва Нидерландия каби мамлакатларнинг ўрта таълим тизими яхши ривожланган бўлиб, биздан ушбу давлатларнинг таълим тизимидаги ижобий томонларини таҳлил қилишни ва қиёслашни даврни ўзи тақозо этмоқда.

PISA дастури тадқиқотлари давомида биз PISAгааъзо давлатлар таълим тизимида бўлаётган ўзгаришларни ўзаро таққослаш ва қиёслаш, таълим соҳасида стратегик қарорлар қабул қилишни ва ўз навбатида мактабларимизда берилаётган билим савияси ўқувчи ёшларимизни катта ҳаётда ўз йўлларини топишида муносиб хизмат қилмоқдами каби саволларга жавоб топишимизга амалий ёрдам кўрсатади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
Матбуот хизмати​

6 630
ЎзА