ЎзА Ўзбек

25.07.2018 19:20 Чоп этиш версияси

Таълим муаммолари мактабдан олдин бошланади(ми?)

Ўғлим мактабгача таълим муассасасининг тайёрлов босқичига ўтгач, чамаси бир ойлар ўтиб машғулотларни кузатиш учун гуруҳга бордим. Тушдан кейинги машғулот вақтида 28 боладан 8 ўғил-қиз ўтирган эди.

– Бошқалар қани, – қизиқиб сўрадим.

– "Почемучкада", – деди тарбиячи.

– Ахир бу тайёрлов гуруҳи-ку, ҳамма машғулот ўтилмайдими?

– Ўтамиз, лекин ота-оналар фарзандининг яна қўшимча машғулотларга боришини хоҳлайди.

Бу бироз тушунарсиз ҳолат. Шундоғам болалар қўшимча машғулот ўтиши, мактабга тайёргарлик кўриши керак бўлган тайёрлов гуруҳида бўлса-ю, ота-оналар яна қаергадир ортиқча пул тўлаб фарзандларини дарсга берса.

Бунинг сабаби нимада?

Шундан сўнг менинг болам ҳам тенгдошларидан ортда қолмасин, деб ўқитиш марказларини суриштира бошладим. Натижада "Почемучка" деб аталадиган гуруҳлардаги машқлар бир хил бўлса-да, нархида фарқлар мавжудлигини билдим. Энг арзон гуруҳлар 120 минг сўмдан бошланар экан. Шаҳарнинг марказий ҳудудларида жойлашган курслар анча қиммат. Майли бу иш ҳақи, эркин тадбиркорлик билан боғлиқ эканини тушунамиз. Ўғлим давлат тилида ўқишини истаганим учун ўзбек гуруҳини қидирдим. Аммо мен борган ҳеч бир ўқув марказида бундай гуруҳ йўқ...

Юртимизда ўзбеклар боласини қўшимча дарсларга бермайдими?

Мирзо Улуғбек туманида жойлашган ўқув марказларидан бирида бу саволга қуйидагича жавоб беришди:

– Ўзбеклар ҳам болаларини олиб келади. Аммо улар фарзандининг рус гуруҳида ўқишини хоҳлайди. Шу боис сиз сўраётган гуруҳимиз ҳозирча йўқ. Агар ёздириб кетсангиз, гуруҳ очилса чақирамиз.

Аксига олиб ҳали ҳеч ким бу гуруҳ очилишини сўраб ёздирмаган ҳам экан. Бу жавобни тўртта ўқув марказидан олгач, тарвузим қўлтиғимдан тушди. Наҳотки, менга ўхшаган ота-оналар бўлмаса? Ҳамма боласини рус синфига қўядими?

– Ҳозир педагогларнинг мақсади мактабгача таълим ёшидаги болаларни тўлиқ мактабгача таълим муассасасига қамраб олиш ва мактаб таълимига сифатли тайёрлашдир, – дейди Учтепа туманидаги 492-мактабгача таълим муассасаси мудираси Гулруҳ Аҳророва. – 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган ҳамма болаларни МТМга қамраш учун ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари етарли эмаслиги сабабли хусусий мактабгача таълим муассасалари, қисқа муддатли гуруҳлар ва 0-синфлар ташкил этилмоқда, 6 ёшли болалар рўйхати шакллантирилмоқда. Шу билан бир қаторда, ҳудудларда «Почемучка» номли ривожлантирувчи гуруҳ машғулотлари ҳам болаларнинг сифатли таълим олишида қўл келмоқда. Фарзандлари билан уйда ўтирадиган уй бекалари учун бу гуруҳдаги машқлар маъқул бўлмоқда. "Почемучка" нафақат болалар, балки оналарнинг ҳам педагогик, психологик билимларини ривожлантириб, машғулот мобайнида ва уй шароитида давомий шуғулланишни талаб этади. Бу курсларда турли йўналишлар, ноанъанавий дастурлар орқали болага индивидуал ёндашилган ҳолда машғулот олиб борилади. Унинг яна бир қулайлиги куннинг ота-оналар учун қулай соатларда ташкиллаштирилганидир.

Буни қарангки, хусусий таълим марказларида ҳам таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган педагоглар дарс ўтади. Давлат томонидан таълим муассасалари учун барча шароит яратилмоқда. Бу жараёнда ҳомийлик ёрдами кўрсатаётган ота-оналар ҳам талайгина. Шунда ҳам фарзандларимизни қўшимча дарсга олиб боришни қандай изоҳлаш мумкин? Бу педагогларимиз, тарбиячиларимизнинг касбий масъулияти билан боғлиқ эмасмикин?

– Оилада ўзбекча гаплашамиз, шунинг учун болаларим она тилимизни шундоғам ўрганиб олади, – дейди Дилрабо Ҳалимова. – Аммо ўғлим 5 ёшдан буён боғчадан ташқари "Почемучка"га боради. Ҳозир ўзбекча ҳарфлардан кўра русча ҳарфларни яхши танийди.

– Мактабда рус синфга қўясизми, – дейман қизиқиб.

– Йўқ, ўрганиб қўяверсин дедим. Ўзбекча ўқитиш энди мактабдаги ўқитувчисига қолди.

Бу қай даражада тўғри? Мактабгача таълим муассасасида ўзбек гуруҳида тарбияланаётган бола, икки йил русийзабон педагог қўлида русчани ўрганади. Кейин ўзбек синфига боради. Хўш, бу боланинг онгига қандай таъсир кўрсатади?

– Аввал бир тилда машғулотларга бориб, кейин бошқа тилда биринчи синфга келадиган ўқувчи анча қийналади, – дейди Мирзо Улуғбек туманидаги 256-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Шаҳ
ло Ихлосова. – Агар ота-она ва ўқитувчи биргаликда ҳаракат қилмаса ёзувда, талаффузда камчиликлар қолиб кетади. Ҳамкорликда ишланса 5-6 ойда натижасини кўрсатади. Аммо катталарга болани турли машқларга чалғитишни маслаҳат бермаган бўлардим. Унинг онги, қарашлари, тафаккурини ҳисобга олиш керак. Боламнинг зеҳни ўткир, деб ҳамма нарсага жалб қилиб, уни қийнаш яхшимас.

Ана сизга таълим-тарбия жараёнидаги яна бир хато.

Сўнгги йилларда 6-7 ёшли ўғил-қизларни 0-синфда ўқитишлар авж олди. Бу мактаб директори ва ўқитувчиларнинг ота-оналар талабига кўра ўқитишни ташкил этиши билан боғлиқ. Қувонарли, албатта. Фарзандларимиз учун яратилаётган шарт-шароитлар кундан-кун яхшиланмоқда. Мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, қўшимча ўқув курслари дейсизми, ҳаммасида қулайликлар, имкониятлар бор. Аммо бир кунда икки соатлик дарс учун 8 мингдан 12 минггача тўлайсиз. Натижа яхши. Фарзандингиз биринчи синфда ўқитилиши керак бўлган барча маълумотларга шу дарсларнинг ўзидаёқ эга бўлади.

Шу ўринда савол туғилади. Унда болалар 1-синфда нимани ўрганади?

Бу савол билан қайсики бошланғич синф ўқитувчисига мурожаат қилсак, улар бу гўё такрорлаш, енгил машғулот бўлади, деб жавоб бермоқда. Юртимизда бола 7 ёшдан бошлаб мактаб таълимини бошлаши лозимлиги белгилаб қўйилган. Меъёрий ҳужжатларда ҳам бу борадаги талаблар баён қилинган.

Педагоглар болани кўпроқ ўйлаётганини эътироф этиш жоиздир балки. Чунки унинг билимлар базасидаги маълумотларни такрорлаши, мустаҳкамлаши яхши эканини тушунамиз. Аммо... Ҳамма ҳам 0-синфда фарзандини ўқитишга қодир эмас. Иқтисодий имконияти етса-да, боласини бундай гуруҳларга беролмаётган ота-оналар бор. Ана шундай болалар 1-синфга чиққанида ўз тенгдошлари қаторида бўлмаслиги, улар каби ўқиб, ёзолмаслиги маълум-ку. Хўш унда педагог нима қилади? Яхши ўқий олмаётган ўқувчи билан банд бўлиб, бу мавзуни ўрганиб бўлган ўқувчини эътиборсиз қолдириши мумкин эмасми? Бошқалардан олдин аллақачон ўрганиб бўлган бола вазифасини бажариб бўлгач зерикиб қолмайдими?

Юртимизда кейинги йилларда мактабгача таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўйлаймизки, тарбиячилар ва педагогларга қўйилаётган талаблар натижасида ўғил-қизларимиз учун алоҳида курсларга бўлган эҳтиёж қисқаради. Шунда фарзандларимиз ушбу муассасадан умумтаълим мактабининг 1-синфига керакли даражадаги билимларни ўрганиб чиқади.

Барно Мелиқулова, ЎзА
6 782