ЎзА Ўзбек

09.11.2019 Чоп этиш версияси

Талабалар ўртасида “Биз сайлов қонунчилигини ўрганамиз” кўрик-танлови бўлиб ўтди

Талабалар ўртасида “Биз сайлов қонунчилигини ўрганамиз” кўрик-танлови бўлиб ўтди

Мамлакатимизда айни кунларда 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловларга пухта тайёргарлик олиб борилмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан жорий йил 20 октябрдан 20 ноябрга қадар “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” ўтказилмоқда. Фарғона вилоятида ҳам ойлик доирасида учрашувлар, давра суҳбатлари ва танловлар ташкил этилмоқда. Фарғонада олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Биз сайлов қонунчилигини ўрганамиз” кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Кўрик-танлов Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда вилоятдаги олий таълим муассасалари талабалари иштирок этди. Танловнинг илк босқичи таълим даргоҳлари кесимида ўтказилган бўлиб, иккинчи - вилоят босқичида сараланган жамоалар миллий сайлов қонунчилиги бўйича билимларини синовдан ўтказишди. Хусусан, Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалининг “Ёш тиббиётчилар” жамоаси, Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалининг “Истиқбол”, Фарғона давлат университетининг “Буюк келажак”, Фарғона политехника институтининг “Ёш сайловчилар” жамоалари 3 та шарт асосида куч синашишди. Дастлабки шартда ўз таълим даргоҳи ҳақида маълумотлар, шунингдек, талабаларнинг сиёсий жараёнларга нисбатан қизиқиши, хабардорлиги, ўқув юртида бу масалаларга эътиборнинг нечоғлик кучлилиги ҳамда сайлов тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар берилиши талаб этилди. Мазкур шартда ўз фаоллигини кўрсатган талабалар иккинчи шартда савол-жавоблар асосида сараланди. Учинчи шарт эса саҳна кўринишларидан иборат бўлди.

photo_2019-11-09_15-04-43.jpg

Албатта, танлов шартлари давомида талабалар ўзларининг сайлов қонунчилиги бўйича нечоғлик маълумотга эга эканликларини, янги Сайлов кодекси ва у асосида сайлов жараёнларига киритилган ўзгариш ва янгиликлардан қай даражада бохабар эканликларини яна бир бор намойиш этдилар. Қизғин баҳслар, кескин тортишувлар билан танлов ғолиби ҳам маълум бўлди. Танловда 96 балл тўплаб Фарғона давлат университетининг “Буюк келажак” жамоаси 1-ўринга муносиб топилди.

Ғолиб жамоа ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди. Шунингдек, уларга жорий йил 21-24 ноябрь кунлари Фарғона – Самарқанд йўналиши бўйлаб ташкил этилган туристик саёҳатга йўлланма берувчи сертификатлар ҳам топширилди. Бу, албатта, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш ҳамда сиёсий жараёнлардаги иштирокини кучайтириш, сайлов қонунчилиги бўйича билимларини янада оширишнинг ўзига хос тизими ҳамда истиқболли услубидир.

photo_2019-11-09_15-04-44.jpg

1 131
М. СУЛАЙМОНОВ, М. ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА