ЎзА Ўзбек

17.10.2020 Чоп этиш версияси

Талабага контракт тўлашда қандай имтиёзлар бор?

Талабага контракт тўлашда қандай имтиёзлар бор?

Адлия вазирлигига аҳолидан карантин ва бошқа масалалар билан боғлиқ саволлар тушишда давом этмоқда.

Навбатдаги саволларга Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева жавоб берди:

Савол: Олий таълим муассасасида тўлов контракт шартномаси асосида ўқишга кирдим. Турмуш ўртоғим иш ҳақидан контракт тўловини амалга оширмоқчи. Иш ҳақидан контракт тўловини амалга оширилса, қандай имтиёз берилади?

Жавоб: Солиқ кодексининг 378-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олиш (ўзининг, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўловдан даромад солиғи (12 фоиз) ушланмайди.

Шунга кўра, турмуш ўртоғингизнинг ойлик иш ҳақидан даромад солиғи ундирилмайди.

Савол: Ишлаш билан бирга олий таълим муассасаси 4-курс талабасиман. Ҳам ишлаб ҳам ўқиётган ходимлар учун қандай имтиёзлар бор?

Жавоб: Меҳнат кодексининг 249-моддасига кўра, таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиб, ўқув режасини бажараётган ходимлар меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда иш жойидан ҳақ тўланадиган қўшимча таътилга чиқиш, қисқартирилган иш ҳафтаси шароитида ишлаш ва бошқа имтиёзлар олиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

Демак, олий таълим муассасасида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётган бўлсангиз, юқорида айтиб ўтилган ҳуқуқларингиз мавжуд.

Савол: Ўғлим турмуш ўртоғи билан қонуний ажрашган. Фарзандлари онаси билан қолган. Набираларимни кўриш учун борганимда келин набираларимизни кўришга қаршилик қилмоқда. Ушбу ҳолат қонунийми?

Жавоб: Оила кодексининг 77-моддасига кўра бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга.

Ота-она (улардан бири) яқин қариндошларнинг бола билан кўришишига имконият бермасалар, васийлик ва ҳомийлик органи уларга имконият бериши мумкин.

Мазкур ҳолатда, набираларнинг бувиси сифатида улар билан кўришиб туриш ваколатингиз мавжуд.

Сиз бола билан кўришиб туриш вақтини белгилаш ва тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш юзасидан судга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

Савол: 3 нафар вояга етган фарзандим бор. Ўзимга тегишли бўлган барча мол-мулкни фақат бир нафар фарзандимга васият қилиб қолдирсам бўладими?

Жавоб: Фуқаролик кодексининг 1120-моддасига асосан фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.

Мазкур модданинг 4-қисмида белгиланишича васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Демак, номингиздаги барча мол-мулкни хоҳлаган фарзандингизга васият қилиб қолдиришингиз мумкин.

Савол: Ҳимоя ордерини қандай олсам бўлади? Ордер бериш учун қандай асослар бўлиши керак? Ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик чоралари қандай?

Жавоб: Ҳимоя ордери - бу тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.

Ҳимоя ордерини бериш учун қуйидагилар acoc ҳисобланади: тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати; жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар; тазйиқ ёки зўравонлик содир этиши ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши; давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.

Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва унга нисбатан 223 минг сўмдан 669 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади.


1 870
Муаттар Рўзибоева, ЎзА