ЎзА Ўзбек

15.03.2019 21:04 Чоп этиш версияси

Талаба зараркунандаларга қарши курашишнинг физикавий таъсир усулини амалиётда исботлади

 Талаба зараркунандаларга қарши курашишнинг физикавий таъсир усулини амалиётда исботлади

ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ 
МУКОФОТИ СОВРИНДОРЛАРИ

Дастлаб, мевали боғларнинг асосий зараркунандаларга қарши экологик хавфсиз, атроф-муҳитга салбий таъсир9116f864-61a2-4ef7-b22c-5c1ebcfc3331.jpg
 кўрсатмайдиган, физикавий таъсир усули билан кураш чораларини илмий асосланган схемаси ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 мартдаги “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, мазкур Давлат мукофоти билан тақдирланган истеъдодли қизлар орасида Тошкент давлат аграр университетининг мева-сабзавотчилик ва узумчилик факультети талабаси Моҳигул Шукурова ҳам бор.

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган Моҳигул илмга чанқоқлиги, қизиқувчанлиги ва қатъиятлилиги билан тенгдошларига ўрнак бўлмоқда. У билан қишлоқ хўжалиги, жумладан, мева-сабзавотчилик соҳасида олиб борилаётган тадқиқотлар аҳамияти қандай бўлаётгани хусусида суҳбатлашдик.

– Юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида жуда кенг имкониятлар яратилаётганига барчамиз гувоҳмиз. Хусусан, Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилгани мен каби қизларнинг иқтидор ва салоҳиятини очиб беришда муваффақият калити бўлиб хизмат қилмоқда. Мен ҳам ана шундай имкониятлардан фойдаланиб, бир қатор ютуқларга эришдим. Дастлаб, 2014 йили Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан “Менинг парламентдаги ўрним” лойиҳаси доирасида ўтказилган “Агар мен депутат бўлсам” танловида иштирок этиб, “Энг ёш депутат” номинацияси билан тақдирландим.

Тошкент давлат аграр университетига ўқишга кирганимдан сўнг “Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида олма зараркунандаларига қарши уйғунлаштирилган кураш усулларининг самарадорлиги” мавзусидаги илмий-тадқиқот иши менда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур мавзу юзасидан 2016 йилда Германия давлатида чоп этилган илмий-оммабоп рисоламиз хорижлик соҳа мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.

– Бугунги кунда сиз таҳсил олаётган таълим мауссасасида ёш изланувчиларга яратилган шароит, аҳамият қандай?

– Университетимиз мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига малакали мутахассисларни тайёрлаб беришда етакчи ҳисобланади. Мен ҳам тенгдошларим билан бирга мева-сабзавотчилик ва узумчилик факультетида устозларимдан соҳага оид билимларни ўрганмоқдаман. Дарслардан сўнг соҳага оид билимларимизни мустаҳкамлаш мақсадида илмий тажриба лабораторияларида ишлашни яхши кўраман. Шунингдек, таълим муассасамизда ўтказиладиган турли тадбирлар, илмий анжуманларда фаол қатнашишга ҳаракат қиламан. Якунланган 2017-2018 ўқув йили мен учун жуда мувафаққиятли бўлди. Сабаби, турли танлов ва кўргазмаларда қатнашиб, малакали мутахассислардан зарур билимларни ўргандим. Жумладан, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Йил давомида экологик соф, тоза ва сифатли мева, сабзавот ҳамда узум етиштириш” мавзусидаги иқтидорли талабалар ва магистрлар анжуманида “Истиқлол мевалари" жамоаси билан биринчи ўринни қўлга киритдик. Шунингдек, 2018 йил 6-7 декабрь кунлари Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Тошкент давлат аграр университети ҳамкорлигида ўтказилган “Ўзбек аёл фермерлари билим ва тажрибаларини, фермер хўжаликларини юритиш ва агробизнес амалиётида қўлланилишини яхшилаш” мавзусида ўтказилган семинар-тренинг мен каби соҳада таҳсил олаётган ёш қизларда катта таассурот қолдирди.

– Аҳолини экологик тоза ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашда, малакали соҳа мутахассисларини тайёрлашда нималарга алоҳида эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?

– Қишлоқ хўжалиги, айниқса, боғдорчилик амалиётида янги инновацион технологиялардан фойдаланилаётгани сўнгги йилларда мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ёрдам бермоқда. Мен таҳсил олаётган Тошкент давлат аграр университетида соҳани ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳар бир кафедра қошида талабаларнинг илмий салоҳиятини оширишга кўмаклашувчи тўгараклар ташкил этилган. Бу ерда ёшлар ўз илмий ишларини профессор-ўқитувчилар ёрдамида амалга оширади. Бундан ташқари, университетимизда халқаро университетлар билан ҳамкорликда бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича чет элда ўқиб келиш имконияти яратилган.

– Сиз тадқиқ қилаётган “Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида олма зараркунандаларига қарши уйғунлашган кураш усуллари самарадорлиги” мавзусидаги лойиҳанинг долзарблиги, қандай мақсад ва вазифаларни ҳал қилишга қаратилгани хусусида айтиб берсангиз?

– Ўзим Қашқадарё вилоятида яшаганим учун ҳудудда боғдорчиликнинг замонавий истиқболларини ўрганишни анчадан буён мақсад қилган эдим. Шу сабабли устозларим билан бирга вилоятимизнинг тоғ ва тоғолди зоналарида мевали боғларга кучли зарар келтирувчи олма мевахўри (ҳашароти)нинг биоэкологик хусусиятларини ўргандик. Мевали боғларнинг асосий зараркунандаларга қарши экологик хавфсиз, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмайдиган, физикавий таъсир усули билан кураш чораларини илмий асосланган схемасини ишлаб чиқдик. Илк бор Қашқадарё вилоятининг тоғ ва тоғолди тупроқ иқлим шароитида олма мевахўри (ҳашароти)нинг биоэкологик хусусиятлари ўрганилди.

e91b7053-92d1-4e8a-95e8-a56f86b9bd9e.jpg

Тадқиқотларимизда зараркунандага қарши курашишда физикавий усулда электр токининг қуввати меъёри аниқланди.

Жумладан, зараркунанда кўпайишининг ҳар бир бўғинида дарахтга электр токининг таъсир вақти 2-3 сониядан ошмаслиги лозим. Айниқса, гуллаш жараёнида 2-3 мартагача физикавий усул билан таъсир ўтказиш назоратга нисбатан яхши натижалар беради. Дастлабки ишловдан кейин ҳашаротларнинг нобуд бўлиши, яъни биологик самарадорлик 60-65 фоизни ташкил этади.

Мазкур усул билан таъсир кўрсатилганда олма дарахтининг ҳосилдорлиги эртапишар навларда ҳар бир тупдан 180 килограммгача, кечпишар навларда эса 160 килограммгача етади. Якунда ҳар бир туп олма дарахтидан қўшимча 150-200 минг сўмгача иқтисодий даромад қилиб, бир гектар олмазордан эса қўшимча 3-5 миллион сўм фойда кўриш мумкин.

– Жорий йилда мевачилик соҳасида олиб бораётган изланишларингиз юксак даражада баҳоланиб, Президентимиз томонидан Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирландингиз. Таассуротларингиз қандай?

– Бу рағбат мени янада руҳлантириб, соҳада юксак марраларни забт этишимда куч бағишлайди. Энди янада кўпроқ меҳнат қилиш, тенгдошларимнинг ҳам ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён қилишларида кўмаклашишни вазифам деб биламан. Мен юртимиздаги энг бахтли қизлардан бириман.

Абдулазиз Мусаев суҳбатлашди, ЎзА
4 478