ЎзА Ўзбек

09.10.2020 Чоп этиш версияси

Талаба бўлган эгизак қизларни ректор уйига бориб табриклади

Талаба бўлган эгизак қизларни ректор уйига бориб табриклади

Термиз давлат университетига хотин-қизлар учун ажратилган алоҳида тўрт фоизли қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида Сурхондарё вилоятидан 34 нафар қиз ўзлари танлаган таълим йўналишларига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди.

Президентимиз ғояси асосида хотин-қизларни олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида қабул қилиш тартибига мувофиқ талаба бўлиш бахти насиб этган қизларни қутлаш учун университет ректори, сенатор А.Тошқулов уларнинг уйига бориб, табриклади. Эсдалик совғаларини топшириб, ўқиш ва келгусидаги ишларига омад тилади.

Улар сафида Термиз шаҳридаги Меҳриобод маҳалласида яшайдиган ёлғиз она Х. Чориеванинг эгизак қизлари – Фотима ва Зуҳра ҳам бор. Рўзғорда ҳам ота, ҳам она бўлиб, тўрт фарзандни камолга етказаётган Хадича Чориеванинг қизларидан бири хотин-қизларга ажратилган алоҳида қабул доирасида, иккинчи қизи Зуҳра эса барча абитуриентлар қаторида тест саволларини ечиб, юқори балл билан давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

– Бундай юксак бахт учун давлатимизга миннатдорлик билдирамиз, – дейди Хадича Чориева. – Қизларимдан бирига имтиёз олиб, иккинчисига ололмаганимдан кўнглимда бироз хавотирим бор эди. Имтиҳонлар очиқ, адолатли ўтиб, бир йўла икки қизимнинг давлат гранти асосида ўқишга қабул қилингани оиламиз учун кутилмаган совға бўлди. Бу севинчни тарифлашга тилим ожизлик қилади. Университет ректорининг уйимизга келиб, фарзандларимни қутлаганидан қувончимизга қувонч қўшилди. Бу ишончдан қизларим албатта, аъло баҳоларга ўқиб, келажакда юртимизга муносиб кадрлар бўлади.

Давлат гранти асосида талаба бўлган эгизак опа-сингиллар эндиликда барча замонавий шароитларга эга университетнинг дизайн йўналишида ўқиб, мазкур мутахассислик сирларини мукаммал эгаллайди.

9 189
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА