Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.03.2017 12:13 Чоп этиш версияси

Талаб ва истаклар ўрганилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари Фарғона вилояти Қува туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли турмуш тарзи билан танишмоқда.

Президентимизнинг таклифига кўра 2017 йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани барча соҳаларда бу борадаги ишлар кўламини кенгайтирмоқда. Бугун юртимизда халқ билан мулоқотнинг очиқ ва самарали механизмлари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Натижада юртдошларимизни ўйлантираётган муаммолар чуқур ўрганилиб, уларнинг ечимига кенг йўл очилмоқда.

Олий Мажлис палаталарига ҳудудлардан сайланган депутатлар ва сенаторларнинг ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, амалий мулоқотлар ўтказиши ҳам бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтказилаётган мулоқотларда туманларда иқтисодий инфратузилмани ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, молия-кредит ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини кафолатлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Албатта, булар қонун ижодкорларининг жойларда ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиши, қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини ўрганиши ҳамда аҳолининг талаб ва таклифларини эшитган ҳолда келгуси вазифаларни белгилаб олишида муҳим аҳамиятга эга.

Қува туманида ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, кундалик ҳаётда учраётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал қилиш, аҳолига ҳар томонлама муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳам ана шу ишларнинг узвий давомидир.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан шу кунга қадар 2 мингдан ортиқ оила ўрганилди. Ўрганиш жараёнида уй-жой, коммунал соҳа, бандлик, тиббиётга оид муаммолар аниқланиб, уларнинг 283 таси тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва туман ҳокимлиги ёрдамида ҳал этилди.

“Найман” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Турсунбой Ҳамроқулов ногиронлик аравачаси билан таъминланди. Катта Қашқар маҳалласида истиқомат қилувчи Умида Жабборованинг икки ёшли фарзанди гидроцефалия касаллиги билан оғриган. Унинг мурожаати ҳам эътибордан четда қолмади. Бола вилоят болалар кўп тармоқли шифохонасига ётқизилди. Даволаниш якунига етгач, унга ногиронлик нафақаси тайинланадиган бўлди.

– Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этишда бу каби мулоқотларнинг аҳамияти катта, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Хўжаева. – Қува туманида ҳам таълим, тиббиёт, бандлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик масалаларида ечимини топмаган масалалар учрайди. Биз тегишли мутасаддилар билан уларни ижобий ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқдамиз. Аҳоли билан мулоқотларнинг натижалари халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ҳамда фаоллари иштирокида муҳокама қилинади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 373






Все о погоде - Pogoda.uz