ЎзА Ўзбек

30.07.2018 20:23 Чоп этиш версияси

Такрорий экин – қўшимча даромад

Сирдарё вилояти Оқолтин туманида ғалладан бўшаган 15 минг гектар майдоннинг 12 минг 650 гектарига такрорий экин экилаётир.

Жорий йилда туман ғаллакорлари 36 минг тонна ўрнига 42 минг тонна сара дон етказиб, давлатга дон топшириш шартнома режасини вилоятда биринчи бўлиб бажарди. Ғалладан бўшаган майдонларнинг пешма-пеш сомони йиғилиб, пресс қилинди. Қишлов учун ғарамлаб қўйилди. Ер ҳайдалгач сабзавот, полиз, дуккакли дон ва бошқа озиқ-овқат экинлари экилмоқда.

– Халқимизда яхши ният – ярим давлат, деган мақол бор, – дейди Оқолтин тумани ҳокими Дилмурод Фозилов. – Яхши ният билан ғалладан бўшаган майдонлардан ҳам юқори ҳосил кўтаришни режалаштирганмиз. Бу ишларни амалга ошираётган 640 фермер хўжалигининг ярмидан кўпроғига тумандаги тижорат банкларидан олинган кредит маблағлари ҳисобидан бўнак пуллари сифатида уруғлик етказиб бердик. Қолган фермер хўжаликлари ўзлари тайёрлаган уруғликдан фойдаланишни маъқул кўрди. Минерал ўғитлар ҳамда ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини фермерларимиз эмин-эркин олишлари мумкин.

Такрорий экиндан яхши даромад қилишнинг ҳадисини олган Оқолтин тумани деҳқонлари жорий мавсумда 2 минг 700 гектарга сабзавот, 3 минг гектарга полиз, 4 минг 400 гектарга дуккакли дон, 1 минг 300 гектарга шоли, 100 гектарга картошка, 1 минг 980 гектарга кунжут, тариқ ва қолган ер майдонларига бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари экишни бир неча кунда ниҳоясига етказишади.

– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти билан “Сардоба текс” қўшма корхонаси, “Red Pak Agro” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Якубов Комил” ЯТТ корхоналари шуғулланади, – дейди туман ҳокими ўринбосари Олимжон Абдуллаев. – Бу экспортчилар умумий ҳисобда жорий йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун 1 миллион 440 минг долларга шартнома имзолаган эди. Бу кўрсаткич 1 миллион 551 минг 500 долларга ортиғи билан уддаланди. Ушбу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи ташкилотлар йил охиригача яна 2 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилишни режалаштирган.

Туманда 11 минг 388 тонна такрорий экилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланди. Ана шу маҳсулотларнинг 8 минг 473 тоннаси қайта ишланиб, кейин экспортга жўнатилади.

“Зеру забар” фермер хўжалиги раиси Тошкенбой Шодмонов ғалладан бўшаган майдоннинг 10 гектарига полиз, 6 гектарига мош эккан. Мошнинг бўйи аллақачон бир қаричдан ошган бўлса, қовун гулга кирган, тарвуз палагида эса ҳосил кўриниб қолган.

Фермер 76 тонна ўрнига 80 тонна дон сотиб, шартнома режасини ортиғи билан бажарган. Ишчиларга тарқатилганидан ташқари хўжалик омборига яна 40 тонна атрофида буғдой тўктирган.

Ғалладан бўшаган майдонларда олиб борилаётган ишлар фермерларга қўшимча даромад келтириши баробарида, эл дастурхонини тўкин қилади, бозорларимиз маҳсулотга тўлади, нарх-наво арзонлашади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 653