Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.08.2018 15:08 Чоп этиш версияси

Тадбирли ёш тадбиркор

Тадбирли ёш тадбиркор
Самарқандлик ёш тадбиркор Абдулла Ҳабибуллаев 2017 йилда “Exclusive Golden Honey” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, асаларичилик фаолиятини йўлга қўйди. 

120 уя асалари парваришланаётган хўжаликда ҳозирга қадар 1 тоннага яқин асал йиғиб олинди. Меъёрий талаблар асосида қадоқланаётган беш турдаги асал, прополис экстракти, асалари сути ҳудуддаги савдо марказларига етказилмоқда. Шифобахш неъмат шартнома асосида Уммон давлатига ҳам экспорт қилинмоқда.

472601d8-7a7a-42d5-a465-54b85c882168.jpg

Абдулла Ҳабибуллаев ўтган йили Туркияда ўтказилган 45-халқаро Апимондия конгресси ва “APIEXPO-2017” кўргазмасида иштирок этиб, “Энг ёш асаларичи” номинацияси ғолиби бўлган.

1017c689-e4b5-422c-b35d-9b621c6903b2.jpg

Фаолиятини кенгайтиришни мақсад қилган тадбиркор жорий йил бошида Жомбой туманида 4 гектарлик интенсив боғ ташкил этди. Боғда Польшадан келтирилган “Красный фуджи”, “Голден полский стаканчик” навли 12 минг туп олма дарахти парваришланмоқда.

9b291f57-aaf4-4157-a4a2-1495a1cdd13f.jpg

– Олманинг бу турлари юртимизда ҳали оммалашмаган, – дейди А.Ҳабибуллаев. – Ушбу навларнинг афзаллиги иккинчи йилдан 5-10 килограммгача ҳосил беради. 1 гектар майдондаги олма дарахтининг гулидан 150 килограмм асал олиш мумкин. Шунингдек, боғ орасида ловия етиштиряпмиз. Тасарруфимиздаги 0,5 гектар ерда эса балиқчиликни йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

Алишер Исроилов (сурат), ЎзА