ЎзА Ўзбек

13.08.2018 19:03 Чоп этиш версияси

Тадбирлар давомида якка тартибдаги тадбиркорларнинг 475,2 миллион сўмлик ҳар хил турдаги мол-мулклари хатланди

Президентимиз раислигида жорий йил 17 апрель куни иқтисодиёт тармоқларида ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш, дебитор, кредитор ва бюджет олдидаги қарздорликларни камайтириш бўйича йиғилиш ўтказилган эди.

Мазкур йиғилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Давлат солиқ қўмитасининг юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ қарзи суд тартибида ундирилиши бўйича қабул қилинган қўшма буйруғи ижроси юзасидан Тошкент вилоятида солиқ қарздорлигини камайтиришга қаратилган тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Вилоят солиқ бошқармаси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Бўка тумани бўлими билан ҳамкорликда ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси ўтказилди. Унда 4 қарздорнинг солиқдан қарзини ундириш юзасидан амалий чоралар кўрилди. Жумладан, фуқаро Д.Пайшановадан солиқдан қарздорлиги бўйича 4 миллион 810 минг сўм ундирилиб, МИБ туман бўлими ҳисоб рақамига ўтказилди. Яна бир фуқаро А.Чинтошевнинг солиқдан мавжуд 6 миллион 800 минг сўм қарздорлиги ҳам тўлиқ ундирилди.

“Ачамайли Муқобил“ муқобил машина трактор парки солиқдан қарздорлигининг 3 миллион 700 минг сўмини ўша куннинг ўзида тўлаб берди ва қолган қисмининг 10 кун муддатда тўланишини кафолатлади.

– Жорий йил июнь-июль ойларида барча туман ва шаҳарларда солиқ қарздорлигини камайтириш бўйича тадбирлар ўтказилди, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Н.Эркаев. – Ушбу тадбирларда юридик шахсларнинг 1 миллиард 652, якка тартибдаги тадбиркорларнинг 475,2 ва жисмоний шахсларнинг 534 миллион сўмлик ҳар хил турдаги мол-мулклари хатланди.

Маълумотларга кўра, шу даврда 761 юридик шахсдан 3 миллиард 236 миллион сўм, 580 якка тартибдаги тадбиркордан 632,9 миллион сўм, 733 нафар жисмоний шахсдан эса 642,5 миллион сўм, жами 4 миллиард 511 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилган.

Вилоятда солиқ қарздорлигини камайтириш тадбирлари давом этмоқда.

Аваз Худойқулов, ЎзА
5 990