ЎзА Ўзбек

25.03.2020 Чоп этиш версияси

Тадбиркорларга ижара, хусусийлаштириш ва инвестиция мажбуриятларини бажаришда вақтинчалик имтиёзлар берилади

Тадбиркорларга ижара, хусусийлаштириш ва инвестиция мажбуриятларини бажаришда вақтинчалик имтиёзлар берилади Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси, Ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодовнинг таъкидлашича, мамлакатда юзага келган эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб тадбиркорлар учун бир қатор қулайликлар яратилмоқда.

Жумладан, шу кунга қадар давлат мулки объектларидан ижара шартномаси асосида умумий овқатланиш, ўқув марказлари, жисмоний тарбия, спорт, туризм ва бошқа соҳаларда фойдаланиб келаётган, аммо карантин сабабли Республика махсус комиссияси қарорига кўра фаолияти вақтинча тўхтатилган тадбиркорлик субъектларига фойдаланмаган даври учун ҳеч қандай ижара пули ҳисобланмайди ва тўланмайди.

Пандемия билан боғлиқ ҳолатда инвесторлар дуч келган ва дуч келиши мумкин бўлган салбий оқибатлардан яна бири инвестиция мажбуриятларининг ўз вақтида бажара олмасликдир. Вазиятни юмшатиш мақсадида шу даврда инвестиция мажбуриятининг бажарилишини кечиктирганлик учун пеня ҳамда жарималар ҳисобланмайди ва мажбурият бажарилмагани учун шартномалар бекор қилинмайди. Аксинча, Инқирозга қарши кураш республика комиссияси ва унинг ҳудудий штабларининг қарорларига кўра, тадбиркорлар томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилиши муддатлари узайтириб берилади.

Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазият туфайли давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалда бўлган шартномаларга асосан харид тўловлари ўз вақтида бажарилмаса Инқирозга қарши кураш республика комиссияси ва унинг ҳудудий штабларининг қарорларига кўра, муддат қайта кўриб чиқилади. Тадбиркорлардан яратилган бу каби қулайликлардан фойдаланиш мақсадида Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига ҳамда ҳудудий комиссияларга мурожаат қилишлари сўралмоқда.

Республика махсус комиссиясининг топшириғига кўра, юзага келган карантин ҳолатида акциядорларга ҳам қулайлик яратиш мақсадида хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши мажлислари ва акциядорларнинг умумий йиғилишларини онлайн режимда масофадан туриб, замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда овоз бериш орқали ўтказиш тизимини бир ой ичида жорий этиш юзасидан Агентлик томонидан чора- тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Мўмин Ибодовнинг айтишича, бу бўйича алоҳида баёнот берилади. Саволлар ва қўшимча маълумотлар юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлигининг марказий аппарати ёки ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилиш мумкин.

2 585
ЎзА