Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.06.2018 19:10 Чоп этиш версияси

Тадбиркорлар учун электрон савдо майдони фаолиятидан хабардормисмиз?

Миллий матбуот марказида “Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали – электрон тижоратнинг янги биржа модели” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва "Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси" акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда биржанинг ахборот порталида амалга оширилган давлат харидларининг натижалари хусусида сўз борди.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ «ЎзРТХБ» акциядорлик жамияти давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали – "xarid.uz"нинг оператори сифатида белгиланди.

Мазкур портал давлат харидлари бўйича ягона ахборот ресурси, электрон давлат харидларини электрон дўкон ҳамда нархларнинг пасайишига йўналтирилган электрон аукцион шаклида амалга ошириладиган савдо майдончаси ҳисобланади.

Порталнинг узлуксиз ишлаши, маълумотларнинг сақланиши ва бошқа муҳим жараёнлар мунтазам назорат қилинади. Электрон дўкон ва аукцион шаклдаги харид жараёнлари биржанинг махсус ахборот порталида ўтказилади. Бюджет ва корпоратив буюртмачилар харид турлари, яъни танлов, тендер ва ягона етказиб берувчидан харид қилиш бўйича порталга маълумотлар жойлаштиради. Бу ердаги барча ҳаракатлар электрон рақамли имзо ёрдамида онлайн режимда амалга оширилади.

Электрон давлат харидларида иштирок этиш учун буюртмачилар ва етказиб берувчилар биржанинг расмий веб-сайти www.uzex.uz орқали рўйхатдан ўтади ва харид бошланғич нархининг 3 фоизи миқдорида олдиндан тўлов ва комиссион йиғимларни қоплаш учун шартнома нархининг 0,15 фоиз миқдоридаги маблағни гаров сифатида киритади.

Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасидаги шартнома мижознинг шахсий кабинетида электрон шаклда имзоланади. Тузилган шартнома рўйхатдан ўтган кундан бошлаб, 10 кун давомида бюджет буюртмачилари шартномада келтирилган маблағни тўлиқ ҳажмда биржанинг ғазначиликдаги махсус ҳисобига ўтказиб беради.

Ушбу тизимнинг афзаллиги шундаки, товар етказиб берилмаган ёки нотўғри етказилган ҳолатларда шартнома бўйича пул маблағлари буюртмачининг ҳисобига қайтарилади.

Айни вақтда биржанинг "xarid.uz" электрон тизимида 30 мингдан зиёд бюджет ташкилотлари, 1,5 минг корпоратив буюртмачилар ва асосий қисмини тадбиркорлик субъектлари ташкил этувчи 9 мингга яқин етказиб берувчилар рўйхатдан ўтказилган. Шу билан бирга, электрон дўконда 16 мингга яқин товарлар ва хизматлар, электрон аукционда эса 7 мингдан ортиқ давлат буюртмалари жойлаштирилган. Порталнинг бир ойлик фаолияти давомида тизимда қиймати 12,5 миллиард сўмга тенг 5 мингдан зиёд шартномалар тузилган ва бу кўрсаткичлар ўсишда давом этмоқда.

Анжуманда ушбу тизимнинг ишлаши, ундаги камчиликлар ва натижаларига оид саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
2 715