ЎзА Ўзбек

24.08.2018 19:08 Чоп этиш версияси

Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатлари – давлат ҳимоясида

Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатлари – давлат ҳимоясида Давлат солиқ қўмитасида Президентнинг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси ва ушбу ҳужжат мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.

Видеоселектор тарзида ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар иштирок этди.

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Э.Гадоев ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулайликлар яратиш, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Айтиш жоизки, ушбу фармоннинг қабул қилиниши тадбиркорлар фаолияти учун жуда муҳим қадам бўлди. Фармонда тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ҳамда назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди. Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширувлар Бош прокуратура томонидан мувофиқлаштирилади. Текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинади, бу тизимда рўйхатга олинмаган текширувлар эса ноқонунийдир.

Қўмитанинг солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш бошқармаси бошлиғи Ж.Ражабовнинг маълумот беришича, жорий йилнинг 1 апрелига қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга, молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган, шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик билан шуғулланганларга ҳам ушбу фармон билан имкониятлар берилди. Агар бундай тадбиркорлар 2019 йилнинг биринчи январига қадар тадбиркорлик фаолиятини тикласа ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган бўлса, бу ҳолатда улар учун солиқ суммаси, молиявий жарима ва пенялар ҳисобдан чиқарилиши белгиланди. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмай тадбиркорлик қилган шахсларга бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби ҳам бекор қилинди.

– Ўғлим Учтепа туманида якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланади, – деди Тожихон ая Маликова. – У тадбиркорлик фаолияти қонун-қоидаларини яхши билмагани сабабли солиқ тўловларидан 17 миллион сўм қарз бўлиб қолган эди. Бугун Президентимиз фармони ижросига бағишланган тадбирда иштирок этиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бу борада яратилаётган имкониятлар билан батафсил танишишга муваффақ бўлдик. Ушбу ҳужжат бўйича ўғлим қарздорлик тўловини амалга оширмайди, аксинча, у қонун-қоидалар асосида ўз ишини давом эттиради. Бундай имконият иккинчи гуруҳ ногирони бўлган ўғлимга давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан катта рағбат бўлди.

Семинарда қайд этилганидек, ушбу фармон ижроси бўйича 151,8 минг нафар якка тартибдаги тадбиркор ва фуқаронинг қарийб 705,9 миллиард сўм солиқ қарзидан кечилиш кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклаши, янги иш ўринлари яратиши ҳамда бюджет тушумларига ҳисса қўшиши мақсадида ҳукуматимиз томонидан биринчи бор берилаётган имкониятдир.

Семинарда мазкур ҳужжатнинг тадбиркорликни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда, соҳадаги мавжуд муаммоларга барҳам бериш ва тадбиркорларнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашдаги ўрни ва аҳамияти хусусида савол-жавоблар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
3 963