ЎзА Ўзбек

26.01.2020 Чоп этиш версияси

Тадбиркорлар қонунчиликдаги янгиликлар билан танишди

Тадбиркорлар қонунчиликдаги янгиликлар билан танишди

Жиззахда бизнес субъектлари вакиллари ҳамда чет эл инвесторларини Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга доир қонунчилик ва норматив ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган янгиликлар билан таништириш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш чораларини кўришга бағишланган сайёр қабул ҳамда ўқув семинари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъ ектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, вилоят адлия, солиқ, Марказий банк, давлат активларини бошқариш агентлигининг давлат мулкини ижарага бериш ҳудудий бошқармалари ҳамда бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди.

Тадбир доирасида ташкил этилган ўқув семинарида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 январдаги “Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа ҳуқуқий норматив ҳужжатлар юзасидан маърузалар тингланиб, муҳокамалар, мунозаралар бўлиб ўтди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида, ўтказилган сайёр қабулда фаолиятида турли қийинчиликларга дуч келаётган тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалалар юзасидан мутасадди ташкилот ва идоралар масъуллари томонидан ўрганилиб, аниқ амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Қабул қилинган 30 дан ортиқ мурожаатнинг 5 таси бўйича шу ерни ўзида масъ ул идоралар вакиллари томонидан ҳуқуқий тушунчалар берилди. 28 нафар тадбиркорлар мурожаатлари ўрганиб чиқиш учун қабул қилиниб, назоратга олинди.

– Корхонамизга табиий газ уланмагани фаолиятимизни тўла йўлга қўйишда жиддий муаммо бўлаётир, – деди Шароф Рашидов туманидаги кичик саноат зонаси ҳудудида фаолият олиб борувчи “Ойбексупертранс” МЧЖ раҳбари Жамшид Исаков. – Сайёр қабулда шу муаммо бўйича Бош вазирнинг вилоятдаги қабулхонасига мурожаат қилдим. Амалий ёрдам беришга ваъда беришди.

Тадбир иштирокчиларига қонунчиликдаги янгиликлар бўйича тайёрланган тўпламлар тарқатилди.

4 044
Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА